Ўзбекистон – Россия халқаро соғлиқни сақлаш форуми доирасида 172 дан ортиқ муҳим меморандумлар имзоланди
Маълумки, тилларда достон бўлиб келаётган, ўзининг кўп йиллик тарихига эга бўлган, қолаверса, дунё саёҳатчиларининг эътиборига тушган кўҳна Самарқанд шаҳри соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилган яна бир халқаро форумга мезбонлик қилди. Жорий йилнинг 3 – 4 июнь кунлари "Silk Road Samarkand" мажмуасининг "Minyoun" меҳмонхонасида Ўзбекистон – Россия халқаро соғлиқни сақлаш форуми бўлиб ўтди.
Фахр билан айтиш жоизки, Ўзбекистон тиббиёти кундан-кунга жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Дарҳақиқат, мамлакатимиз тиббиётининг дунё узра ўз обрўсига эга бўлаётганлиги, албатта, қувонарли ҳолдир. Бундай эътирофларга муносиб бўлишни ўзи бўлаётгани йўқ. Бу каби нуфузли даражага етишишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тиббиётимизга бўлган одилона сиёсати муҳим аҳамият касб этмоқда. Шундай экан, юқоридаги фикрларимизнинг тасдиғи сифатида айтмоқчимизки, юртимиз тиббиёти ривожланган давлатлар тиббиёти билан ҳамқадам бўлиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг тизим фаолиятига бўлган ҳамкорлик борасидаги қўллаб-қувватлашлари бугунга келиб янада кенг имконият эшикларини очмоқда...
Мазкур юқори даражадаги форумда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари, ҳар икки мамлакатнинг етакчи тиббиёт олий ўқув юртлари ректор ва профессорлари, нуфузли тиббиёт клиникалари, илмий тадқиқот институтлари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, йирик фармацевтика ва тиббиёт компаниялари раҳбарларидан иборат 500 нафардан ортиқ соҳа мутахассислари иштирок этди. Нуфузли анжуманни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов кириш сўзи билан очар экан, аввало, юртимиизга ташриф буюрган, Россиялик меҳмонларга ўз ҳурматини изҳор этиб, кўп йиллардан буён икки давлат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, тиббиёт тизимидаги ўзаро ҳамкорлик борасидаги фаолиятларга эътибор қаратиб, форум иштирокчиларини самимий қутлади.
Вазир ўз фикрларини давом эттириб, Ўзбекистон-Россия стратегик шерик ва яқин ҳамкор эканлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 8 май куни Россияга қилган амалий ташрифи чоғида Владимир Путин билан бир қанча соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш йўналишида ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш режалари ҳақида сўз юритилганлигига ҳамда Россия Президенти Тошкент шаҳрида ўтган "Иннопром" халқаро саноат кўргазмасининг самарали натижаларини юқори баҳолаб, томонлар Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари даражасидаги фаол мулоқотларни қўллаб-қувватлаганлигига атрофлича тўхталди. Сўнгра Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко сўзга чиқиб, у ўз сўзида мамлакатларимизни мустаҳкам алоқалар ва яқин ҳамкорлик муносабатлари боғлаб туришини алоҳида қайд этди. Шунингдек, сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида дуч келган хавф-хатарларга қарши курашишдан қилинган хулосалардан келиб чиқиб, 6 та устувор йўналиш: таълим ва кадрлар салоҳиятини ошириш, илм-фан ва технологиялар, дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар, рақамли трансформация, халқаро юқори технологик ёрдам, соғлиқни сақлашни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилиш муҳим эканини айтиб ўтди. Шу ўринда таъкидлаш муҳимки давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар бугун юқори даражада. Албатта, тиббиёт йўналишидаги ҳамкорлик қатор соҳаларда жадал ривожланмоқда. Бўлиб ўтган юқори даражадаги ушбу анжумандаги мақсадлар муштараклиги ҳамкорликнинг янги босқичи сифатида тарих зарварақларида муҳрланиб қолиши табиийдир. Унда мамлакатлараро тиббий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор муҳим масалалар муҳокама этилди. Эътирофлиси шундаки, коронавирус пандемияси даврида Россия Ўзбекистонга коронавирус диагностикаси учун тест-тизимларни беғараз асосда тақдим этган биринчи давлат бўлди. Шунингдек, коронавирусга қарши курашиш мақсадида Россия томонидан мамлакатимизга 4 та экспресс-диагностика кўчма микробиологик лабораториялар ҳам юборилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами сифатида Россияга миллионлаб дона шахсий ҳимоя воситалари етказиб берди. Россиялик ҳамкорлар кўмагида Ўзбекистонда "Спутник V" вакцинасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасида тиббий таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, бугунги кунда юртимиздаги тиббиёт олий ўқув муассасаларида Россиянинг 24 та тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида 12 та бакалавриат, 10 та магистратура ва 11 та клиник ординатура йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Бунинг баробарида Россия Федерациясининг тиббиёт олий таълим муассасаларида қўшма таълим дастурлари асосида бакалавриат йўналишида 3200 нафарга яқин, магистратура йўналишида 170 нафар, клиник ординатурада эса 250 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Тошкент шаҳрида Н. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг ва Жиззах шаҳрида Қозон федерал университети филиаллари ташкил этилди. Ўтган йили В. Кулаков номидаги Акушерлик ва гинекология, перинатология миллий илмий-тадқиқот маркази мутахассислари томонидан мамлакатимиз перинатал хизматининг 180 нафар шифокори учун ўқув семинарлари ва маҳорат дарслари ўтказилди. Д. Рогачев номидаги болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси миллий тиббиёт илмий марказида 24 нафар ва Н. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетида 365 нафар шифокорлар клиник ординатурада таҳсил олишмокда.
Санкт-Петербург врачлар малакасини ошириш институтида Ўзбекистон шифокорларини 28 та мутахассислик бўйича ординатура, аспирантура ва малака ошириш курсларида ўқитиш учун бюджет жойлари ажратилган. Тиббиёт олий таълим муассасалари билан бир қаторда Россиянинг тиббиёт клиникалари ва ассоциациялари ва Ўзбекистоннинг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида 150 та келишув ва шартномалар тузилган. Шериклик алоқаларимиз фармацевтика тармоғида ҳам жадал ривожланмоқда.
Жумладан, ўтган йилнинг апрель ойида Тошкентда ўтказилган "Иннопром: Марказий Осиё-2022" халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Zuma Pharma" МЧЖ ва Россиянинг "Герофарм" корхонаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Бундан ташқари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Россиянинг "Фармасинтез" компанияси ўртасида эрилишган келишувга кўра, Ўзбекистонда ўсмага қарши дори воситаларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона барпо этилмоқда. Анжуманда Ўзбекистонда тиббий таълимни ривожлантириш, мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири М. Мурашко, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ректори Д. Иванов, Н. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети ректори С.Лукьянов, Россия узлуксиз касбий таълим тиббиёт академияси ректори Д.Сычев, тиббиёт фанлари доктори, профессор Елена Малышева ҳамда Россиянинг бошқа қатор тиббиёт олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарларига "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ россиялик мутахассисларга ташаккурномалар ва Ўзбекистон ОТМларининг фахрий профессори унвонлари берилди. Ушбу муносиб рағбатларни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов топширди. Ниҳоятда кўтаринки кайфият ҳамда юқори савияда ўтган халқаро анжуман иштирокчилари билан суҳбатда бўлар эканмиз, уларнинг самимий фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Дмитрий СЫЧЕВ, Россия узлуксиз касбий таълим тиббиёт академияси ректори:
– Аввало, инсонларининг қалби эзгуликка йўғрилган, самимий ва меҳмондўст мамлакат, серқуёш Ўзбекистонга ташриф буюрганимдан ғоят мамнун бўлдим. Биз мамлакатингизнинг тиббиёт аҳли билан кеча ёки бугун ҳамдўстлик алоқаларини олиб бораётганимиз йўқ. Кўп йиллардан буён мустаҳкам дўстлик, ҳурмат ва касб-фаолиятимиз ҳамда бир-биримизга бўлган ишончимиз янада равнақ топиб бормоқда. Айниқса, бўлиб ўтаётган Ўзбекистон-Россия халқаро соғлиқни сақлаш форуми Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бизларни яна бир салоҳиятли майдонда учраштириб, маҳорат, тажриба ва амалий фаолиятларимизнинг уйғунлигини янада бирлаштирди десам, хато бўлмайди. Зеро, бундай ўзаро ҳамкорликларга йўл очиб бераётган Давлатингиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни изҳор этаман. Ушбу халқаро форумнинг тарихий меросларга бой бўлган кўҳна Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганлиги халқаро анжуманга ўзгача файз бағишлади. "Silk Road Samarkand" мажмуасига ташриф буюрар эканмиз, осмон ўпар биноларнинг қад кўтарганлиги, табиат манзарасининг гўзаллиги барчамизни ўзига мафтун этди. Форум ҳам жуда яхши ташкиллаштирилган. Икки давлат Соғлиқни сақлаш вазирларининг самимий табрик ва фаолиятлар борасидаги фикрлари ҳам иштирокчилар диққат эътиборида бўлди. Мен кутилмаган бир ажойиб рағбатнинг муносиб эгаси бўлганлигимдан фахрланиб кетдим. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов томониидан катта саҳнада "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонини тақдим этилганлиги мени ниҳоятда руҳлантириб юборди. Ҳамкорликдаги фаолиятларимизни қўллаб-қувватлаб, эътирофга лойиқ кўрган раҳбарият ва барча ташкилотчиларга чексиз ташаккуримни билдираман. Халқаро форум кенг доирада ўтказилиб, секция йиғилишларида танлаб олинган мавзулар замонавий ёндашувлар асосида олиб борилди. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашув билан бирга икки томонлама меморандумлар имзолашга муваффақ бўлдик. Умид қиламанки, бундай нуфузли халқаро анжуманлар янада бардавом бўлаверади.
Анвар АЛИМОВ, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, профессор:
– Бир сўз билан айтганда юртимиз тиббиёти дунё ҳамжамияти нигоҳида эканлигидан мамнунмиз. Биргина жорий йилнинг шу кунига қадар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида энг юқори даражадаги халқаро форумлар бўлиб ўтди. Жумладан, Ҳиндистон, Германия ва Россия давлатларининг халқаро соғлиқни сақлаш форумига Ўзбекистонимиз мезбонлик қилди. Албатта, бу юртимиз аҳли, қолаверса, соҳа мутахассислари учун ниҳоятда салоҳиятли кечди. Мазкур форумларда бошқармамизга қарашли бўлган, тиббиёт муассасаларимизнинг раҳбар ва ходимлари, изланувчан ёш кадрлар ҳамда тажрибали мутахассисларимиз иштирок этишиб, секция йиғилишларида ўз маърузалари билан қатнашишди. Куни кеча бўлиб ўтган, Ўзбекистон ва Россия халқаро соғлиқни сақлаш форуми ниҳоятда кўтаринки кайфиятда бўлди. Айниқса, россиялик ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашдик, меморандумлар имзоладик, шунингдек, секция йиғилишларида ўзаро фикрлар алмашдик. Албатта, бу каби нуфузли анжуманлар ҳамдўстлик ришталарини мустаҳкамлаш билан бирга тиббиётдаги тажриба алмашинувларимиз учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишончим комил. 2023 йилнинг якунигача бундай юқори даражадаги халқаро форумларимиз давом этади.
Ботир ДАМИНОВ, Тошкент педиатрия тиббиёт институт ректори, профессор:
– Бундай юқори даражадаги халқаро соғлиқни сақлаш форумларининг мамлакатимизда ўтказилаётганлиги, бу албатта, тизим фаолиятида замонавий ёндашувларнинг такомиллашувида муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Ўзбекистон-Россия халқаро соғлиқни сақлаш форуми ниҳоятда мазмун ва моҳиятга бой бўлди десам, хато бўлмайди. Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, икки давлат ўртасидаги тиббий ҳамкорлигимиз соҳанинг барча йўналишларини қамраб олган. Анжуманда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар, кадрларни тайёрлаш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, биргаликда илмий-амалий анжуманлар, маҳорат дарсларини ўтказиш, илмий тадқиқотларни олиб бориш, нейрохирургия, педиатрия, хирургия, кардиология, онкология йўналишларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Куннинг иккинчи ярмида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини модернизация қилиш ва инвестиция киритиш, тиббий таълимни трансформация қилиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, соҳани рақамлаштириш ва тизимга янги технологияларни жорий этиш каби масалаларга бағишланган секция йиғилишлари ўтказилди.
Форум доирасида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда Россия тиббиёт таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, шерикликнинг янги шаклларини жорий этиш бўйича 172 та меморандум ва қатор келишувлар имзоланди. Шунингдек, томонлар ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ривожлантириш бўйича резолюция қабул қилдилар.
Алима МАТКАРИМОВА, Қорақалпоғистон Республикаси болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори:
– Нуфузли даражадаги халқаро Форум доирасида бизнинг тиббиёт марказимиз ҳам Россия Федерацияси Сибирь федерал округининг Иркутск давлат болалар клиник шифохонаси бош шифокори, Россия илмлар Академияси аъзоси, бош болалар жарроҳи, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган врач, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Кам инвазив болалар жарроҳлиги йўналиши бўйича мутахассис Юрий Андреевич Козлов билан меморандум имзоладик. Бу албатта, болажонларимиз саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Саида МИРЗАРАҲИМОВА, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори:
– Ушбу халқаро Форум доирасида бизнинг тиббиёт марказимиз ҳам Россия Федерацияси Сибирь федерал округининг Иркутск давлат болалар клиник шифохонаси бош шифокори, Россия илмлар Академияси аъзоси, бош болалар жарроҳи, Россия Федерациясига хизмат кўрсатган врач, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Кам инвазив болалар жарроҳлиги йўналиши бўйича мутахассис Юрий Андреевич Козлов билан меморандум имзоладик. Албатта, бундай эзгулик йўлидаги икки томонлама келишув болажонларимиз саломатлигини муҳофаза қилиш билан бирга мутахассисларимиз ҳам ўзаро тажриба алмашадилар.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мамлакатимизда бу каби нуфузли даражада ўтказилаётган соғлиқни сақлаш тизимидаги халқаро форумлар ўз мақсад ва вазифаларига эга бўлиб, унинг замирида аввало, инсонлар саломатлигини сақлаш ва муҳофаза қилиш мужассам эканлигини кўрамиз. Шундай экан, ушбу мақсадларга эришиш учун тиббиётга замонавий янгича ёндашувларни жорий этиш давр талабига айланмоқда.
Ибодат СОАТОВА,
журналист.
("O`zbekistonda sog`liqni saqlash –
Здравоохранение Узбекистана"
газетасининг 2023 йил 8 июндаги
22-сонидан олинди).