Муддатидан илгари Президент сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссиясида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Унда округ сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов 9 июль санасида бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Президент сайлови, унинг янгиланган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилиши, миллий сайлов қонунчилиги халқаро умумэътироф этилган тамойиллар, халқимизнинг фикрлари, таклифлари асосида такомиллаштирилганлиги ҳамда мамлакатдаги демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштирилгани ҳақида фикр билдирди.
Айни пайтда 6-Наманган сайлов округида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Округ ҳудудида 832 та сайлов участкалари тузилди. Уларнинг 7 таси ҳарбий қисмларда, 659 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 57 таси коллеж, касб-ҳунар мактаби, лицей ва техникумларда, 24 таси маҳалла фуқаролар йиғини биноларида, 41 таси маданият ва спорт марказларида ҳамда қолганлари бошқа муассасаларда жойлашган.
Комиссия раиси шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Қонуни билан тасдиқланган Сайлов кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, янги таҳрирдаги кодекснинг 5-моддаси учинчи қисмига биноан, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлигига эътибор қаратилди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Шундан келиб чиқиб, округ ҳудудида махсус янги сайлов участкаси ташкил этилди. У Поп туманидаги жазони ижро этиш колониясида жойлашган.
Анжуман иштирокчиларига вилоятдаги сайлов участкалари комиссия аъзолари умумий сони, сифат таркиби ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, президентликка номзодларнинг 7 июлдан бошланган ва бир ой давом этадиган сайловолди ташвиқотини ташкил этиш, марказий сайлов комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва ҳудудий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, "Халқ сўзи", "Народное слово", "Янги Ўзбекистон", "Правда Востока" каби республика газеталарида ҳамда йигирма тўрт номдаги маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланганлиги айтиб ўтилди. Янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя этиши лозимлигига эътибор қаратилди.
Бугунга келиб, Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар асосида Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган 34 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг 55 вакили аккредитациядан ўтказилганлиги хусусида ҳам маълумот берилди.
Матбуот анжуманида Президент сайлови кампанияси, Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
"Халқ сўзи".