Туманда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга кўтариш борасида астойдил изланилмоқда. Ана шу изчил саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ тиббиёт бирлашмаси тарихида янги саҳифа очилди. Мамлакатимизнинг таниқли олим-шифокорлари билан биргаликда янги турдаги юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
Гигант пахта пунктида узоқ йиллар хизмат қилиб нафақага чиққан Назлифа Бектемирова пандемия даврида коронавирусни юқтириб олганди. Оғир хасталик асоратлари бошқа турдаги касалликларда ўзини намоён қила бошлади. Кейинги йилларда ҳаракат аъзоларида кузатилаётган дард бора-бора уни қийин аҳволга солиб қўйди.
Ўтган йили кузда пойтахтимиздаги тиббиёт марказида ўнг оёғида тотал эндопротезлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилганда дарди аригандек сезилганди. Аммо бугунга келиб чап оёғида ҳам кучли оғриқ азоб бераётганди. Унинг туман тиббиёт бирлашмасига мурожаати тезкор равишда ижобий ечим топди. ТТБ бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Обиджон Қўлдошевнинг ташаббуси билан Тошкентда олиб борилган жарроҳлик амалиётининг давоми Жомашўйда бажариладиган бўлди.
Республика ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази протезлаш бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, таниқли ортопед-травматолог Умарали Ханапияев шогирди Икромиддин Бозоров билан Мингбулоққа йўл олди. Таниқли шифокорлар бемор ҳолатини чуқур ўрганишиб, Назлифанинг чап оёғида ҳам эндопротезлаш амалиётини ўтказиш зарур, деган фикрга келишди ва дарҳол амалий ишга киришилди.
Тиббиёт фанлари доктори раҳбарлигида нозик ва мураккаб жарроҳлик амалиёти олиб борилди. Умарали Баротовичга туман тиббиёт бирлашмаси режали жарроҳлик бўлими мудири Азимжон Раҳимов, шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Мухторжон Тожибоев ва анестезиолог Маҳмуджон Қодировлар ёрдам бериб туришди ва амалиётчи олимдан "маҳорат сабоғи"ни олишди.
– Онам коронавирус пандемияси даврида дард чекканлар. Фидойи шифокорларнинг беминнат хизматлари туфайли ҳаётлари сақлаб қолинганди, ўшанда. Бугун яна шифохонадалар. Давлатимиз томонидан яратилган беқиёс имкониятлар боис, жонкуяр ва ташаббускор инсонларнинг беминнат мадади билан саломатликларини қайта тиклаш учун жарроҳлик амалиёти ўтказиляпти. "Инсон қадри учун!" шиори остидаги хайрли ишларнинг ташаббускорларига минг раҳмат! – дейди қизи Шаҳноза Бектемирова.
66 ёшли аёлда республикамизнинг номдор докторлари ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида олиб борилган чап чаноқ сон бўғимчасида тотал эндопротезлашдек юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланди. Энди Назлифа аянинг тез орада соғайиб, шахдам қадам ташлашига шубҳа йўқ.
Абдулла ҒОЗИЕВ.