Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича: "Республикамизда Президентимиз ташаббуси билан жорий йил туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган икки минг нафарга яқин бемор болада бепул юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Бундай операциялар учун давлатимиз томонидан 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандларида навбатсиз, имтиёзли йўлланмасиз энг малакали шифокорлар томонидан бажарилади".

Мазкур эзгу ташаббуснинг давоми сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимизда илк бор "Диспансер назоратида турган ҳамда ногиронлиги бўлган болалар саломатлиги ойлиги" бошланди.

Шу йил 7 июндан 7 июлга қадар бўлиб ўтадиган мазкур акция давомида сурункали ва оғир хасталикларга чалиниб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган бемор ўғил-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилади.

Вилоятимизда ҳам ушбу акцияга старт берилди. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан илк тиббий тадбир Чуст тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникадан бошланди. Бу ерга вилоятдаги ихтисослаштирилган марказлар филиалларининг малакали мутахассислари ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг невропотолог, педиатр, хирург, ЛОР, уролог ва бошқа мутахассислари тиббий анжомлари билан етиб келишди. Саломатлигида муаммоси бор болалар малакали мутахассислар томонидан тиббий текширувлардан ўтказилиб, керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди. Зарурларига Республика ихтисослаштирилган марказларининг вилоят филиалларига чуқурлаштирилган диагностик текширувлардан ўтишлари учун йўлланмалар тақдим қилинди. Мазкур тиббий тадбир доирасида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовнинг ҳам сайёр қабули бўлиб ўтди.

– Бемор болаларнинг ҳеч бири мен учун бегона эмас. Уларнинг саломатлигини сақлаб, ҳар бир оилага қувонч ва бахт улашиш нафақат менинг, балки ёнимдаги барча тиббиёт ходимларининг ҳам муқаддас бурчидир. Ҳеч бир бемор бола эътиборимиздан четда қолмайди, – деди Абдулҳоди Иминов қуёнлаб, бўри танглай туғилган тўрт ойлик боласи саломатлигини тиклаш учун нажот сўраб келган она Мухтасар Абдурашидовага. – Сизнинг фарзандингиз ўзимнинг назоратимда бўлади. Президентимиз бемор ўғил-қизларимиз учун давлат бюджетидан етарли маблағ ажратганлар...

Жажжи бемор сайёр қабул жараёнида мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Унга вилоят болалар шифохонасида мураккаб жарроҳлик операциясига тайёргарлик учун шифохонада ётиб даволаниш белгиланди.

– Мазкур тиббий кўрик ҳамда сайёр қабулга тумандаги оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари томонидан диспансер назоратига олинган ҳамда ногиронлиги бўлган болалар жалб қилинган, – дейди ВССБ Жамоатчилик билан ишлаш шўъбаси раҳбари Феруза Отахонова. – Тиббий кўрик қизғин давом этяпти, 188 нафар боланинг саломатлиги мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилди. -15 нафар ногиронлиги бор, диспансер назоратига олинган болаларнинг яқинлари бошқарма бошлиғининг сайёр қабулига мурожаат қилган бўлса, уларнинг барчаси назоратга олинди.

– Акция давомида сурункали ва оғир хасталикларга чалиниб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган бемор болаларнинг саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилади. Улар учун алоҳида соғ­ломлаштириш режаси тузилади, – дейди биз билан суҳбатда ВБКТТМ бош врачи Абдумалик Раҳмонов. – Қо­лаверса бемор болалар уй шароитида, бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор ҳолатда, стационар ёрдамга муҳтож беморлар эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанадилар. Юқори технологик тиббий ёрдамга муҳтож болалар сараланиб, вилоят ва республика шифохоналарида имтиёзли йўлланма асосида соғломлаштириш чоралари кўрилади.

Биз тиббий тадбир давомида ота-оналар ва бемор болаларнинг яқинлари кўрсатилган беминат тиббий хизматдан ғоят мамнун эканликларининг гувоҳи бўлдик. Улар шу ернинг ўзидаёқ Юртбошимизга, тадбир ташкилотчилари – вазирлик ва бошқарма мутасаддиларига миннатдорлик туйғуларини севинч кўз ёшлари билан дилларидан тилларига кўчирдилар.

– Тўрт ойлик эгизак фарзанд­ларим Муҳаммадюсуф ва Муҳаммадсодиқни вилоят болалар шифохонасига невропотолог кўригига олиб боришимиз керак эди. Патронаж ҳамширамиз мутахассисларнинг барчаси туманга келишганини айтганида жуда севиндик, – дейди Ғова қишлоғидан келган Нафиса Имомалиева. – Нафақат невропатолог, окулист, ЛОР, педиатр кўриклари ҳам болаларим учун айни муддао бўлди. Окулист Муҳаммадюсуфнинг кўзига дори тавсия қилди. Невропатолог ҳам ҳар икки фарзандим учун муолажалар буюрди. Жуда ҳам хурсандмиз.

Куннинг биринчи қисмида ўтказилган сайёр қабулдан сўнг бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов бошчилигидаги малакали мутахасислардан иборат тиббий бригаданинг ногиронлиги бўлган, кўмакка муҳтож болаларнинг хонадонларига ташрифи бир неча оилалар учун беҳад самарали кечди. Айниқса, Зарафшон МФЙга қарашли Омад кўчасида яшовчи Собитжон Сулаймоновнинг хонадонига кирилганида, беихтиёр хонадон соҳибининг кутилмаган йўқловдан кўзлари намланди. 2015 йилда туғилган, болаликдан ногирон 8 ёшли Акбаршоҳ Самиджонов мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилди. Боланинг юқори технологик жарроҳлик амалиётига муҳтожлиги аниқланди. Суҳбат давомида унинг отаси ҳам онкологик касалликка чалингани маълум бўлди. Абдулҳоди Иминов кўрсатмаси билан ҳар икки бемор назоратга олинди. Улар учун барча муолажалар бепул амалга оширилиши тушунтирилди.

Тиббий кўмакка муҳтож Жавоҳир Собитовнинг ҳам айни пайтдаги ҳолати бош­қарма бошлиғининг эътиборидан четда қолмади. Бемор болага зудлик билан ёрдам кўрсатиш учун тегишли мутасаддиларга кўрсатма берилди.

Шунингдек, Яккабулоқ МФЙ Нодира кўчасида яшовчи Турдибу Холматованинг ҳам ҳолидан хабар олиниб, саломатлиги тиббий текширувлардан ўтказилди. Унинг ўнг кўзи сунъий гавҳар қўйиш амалиётига муҳтож. Вилоят кўп тармоқли шифохонанинг кўз касалликлар бўлимида жарроҳлик амалиёти бепул бажарилиши айтилганида, онахоннинг қўллари беихтиёр дуога очилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 7 июндан 7 июлга қадар бўлиб ўтадиган мазкур акция вилоятимиз тиббиёт муассасаларининг барча бўғинларида юксак уюшқоқлик билан давом этади. Бошқарма бошлиғи юқорида таъкидлаганидек, саломатлигида муаммоси бўлган ҳеч бир бола, ҳеч бир ўғил-қиз эътибордан четда қолмайди.

Манзура ЭРГАШЕВА.