Июннинг илк куни дунё болалари байрами. Қутлуғ айём нашидаси эрталабданоқ оилалардан тортиб, барча болалар муассасаларида кўнгилларга ўзгача сурур, ўзгача завқ-шавқ бағишлай бошлади. Кимдир фарзандларини Наманганга гул сайрига, кимдир музқаймоқ сайлига, кимдир турфа совғаларга тўла бозору дўконларга етаклаганига кўзимиз тушди. Буларнинг барчаси тинч ҳаётимиз ва фаровон турмушимиз шарофатидан, албатта.
Ҳатто соғлиқни сақлаш муассасаларида даволанаётган кичкинтойларгача байрам нашидасидан бебаҳра қолишмади. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳар йилгидек оналар ва болаларни эрталабдан шифокорлар табриклашди. Улар тушлик чоғида мўъжаз дастурхон атрофига жамулжам бўлишганида ширин таомлар билан сийланишди. Қизалоқ ва ўғилчаларга шарлар, гуллар, "айиқча"лар туҳфаланди.
Марказнинг неврология ва аллергология бўлимидаги ҳаяжону қувончлар беморчаларга баланд руҳ ҳадя этган бўлса, уларнинг ота-оналарида чинакам шодлик кайфиятини уйғотди. Марказ бош ҳамшираси Дилдора Маматхонова шифохонада даволанаётган кичик беморларга мустаҳкам соғлиқ тилаб, улар ҳамиша юксак эътибор ва ғамхўрликда эканликларини алоҳида таъкидлади.
Вилоят психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослашган болалар уйи ҳовлиси бугун ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Кичкинтойлар кўнглига таскин, руҳига кўтаринкилик бағишлаш учун қувноқ куй ва қўшиқлар янгради. Олийҳиммат ҳамюртларимиз эса совға-саломлар билан ташриф буюришди. Болалар уйининг меҳрибон тарбиячилари "ўғил-қизча"ларини етаклаб, бағрига босиб, ширин тилаклар изҳорлашиб куннинг янада шоду хуррам ўтишини таъминлашди. Болалар уйи раҳбари Назира Ҳамдамова байрам билан жамоани табриклаб, ўксик кўнгилларга малҳам сўзларини айтди. Дардни берган шифосиниям беришига бўлган ишонч туйғусини кучайтиришга интилди. Маъюс нигоҳли болаларнинг кўзларида шодлик жилваси кўринди. Куй-қўшиқлар оҳангига уларнинг шодон қийқириқлари қўшилиб кетди.
Худди шундай тадбир вилоят болалар силга қарши кураш сиҳатгоҳида ҳам ташкилланди. Вилоят перинатал маркази ва Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва космиталогия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали вакиллари томонидан болаларга байрам совғалари топширилди. Даволанувчилар байрам тантанасидан ғоят мароқ туйдилар. Шундай инсонпарвар юртда яшаётганликларидан беҳад фахрланишди.
Вилоят қон қуйиш марказида мазкур сана муносабати билан Адолат СДП Наманган вилоят Кенгаши ҳамкорлигида "Бор меҳримиз сенга, болажон!" шиори остида донорлик акцияси ҳам ўтказилди.