Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Норин туманида оилавий шифокорлик пункти ташкил этилиши белгиланган эди. Тошқин маҳалласи ҳудудида Марғизор оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.
Илгари 18-оилавий поликлиника филиали сифатида фаолият юритган бино ўрнида қад ростлаган мазкур муассаса учун ташаббусли бюджет маблағларидан 1 миллиард сўм ажратилди. 16 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалла аҳли учун тиббиёт масканининг очилиши унутилмас қувончлар ҳадя этди.
Бу ерда яшовчилар умумий амалиёт шифокори, патронаж хизмати, туғиш ёшидаги аёллар ҳамда ҳомиладор ва туғруқдан кейинги доя хизмати, 10 дан ортиқ турдаги лаборатория хизмати ҳамда муолажа даврида 120 турдаги дори воситалари билан бепул таъминланиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, 30 ўринли болалар касалликлари бўлими ташкил этилиши ҳам режалаштирилгани барчани қувонтирди.
Тиббиёт муассасасининг очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокимининг ўринбосари С. Сиддиқов маҳалла аҳлини қутлади. Бу ерда фаолият олиб бораётган саломатлик посбонларининг келгуси ишларига муваффақиятлар тилади.
Норин тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.