Уйчи туманида қуйидаги шиор остида амалий семинар ўтказилди. Унга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари, бош ҳамширалари, Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигни ошириш бўлимлари раҳбарлари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси туман ва шаҳар бўлимлари мутасаддилари, маҳаллар фаоллари, жамоатчилик вакиллари таклиф этилдилар.
Анжуман 35-оила поликлиникаси фаолияти билан танишувдан бошланди. Муассаса ҳовлисида соғлом овқатланиш ярмаркаси ташкилланди. Ҳамширалар "Соғлом нафас" машқларини амалий тарзда кўрсатдилар. "Мобил поликлиника" ва "Сайёр маммография" ҳудуд аҳолисига хизмат қилди. Тиббиёт ходимлари иштирокида "Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам" юриши ўтказилди.
Оила поликлиникаси шу куни ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Муассаса жамоаси, туман ва вилоят шифохоналаридан сафарбар этилган тажрибали шифокорлар оналар ва болаларни таббий кўрикдан ўтказдилар. Мактаб ўқувчиларининг саломатлиги ҳолати кўздан кечирилди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа муассасаларнинг вакиллари касалликларни аниқлаш ва даволаш борасида маҳорат сабоғини бердилар.
Соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган тадбирлар айниқса қатнашчилар эътиборини тортди. Соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни муттасил ошириб бориш мавзусидаги суҳбатлар ғоят қизиқарли кечди. Бу мавзудаги мулоқотлар Қашқар маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли хонадонларга ташрифлар чоғида ҳам қизғин давом этди. "Соғлом муҳит ҳукмрон хонадон"да кечган давра суҳбатида маҳалла патронаж ҳамшираси Зулфия Боймирзаева соғлом овқатланишнинг аҳамияти мавзусида машғулот ўтказиб берди.
Тиббий тадбирнинг давоми Уйчидаги туман маданият марказига кўчди. ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансурова ташкилланган тиббий тадбирнинг мазмун-моҳиятини изоҳлаб,тушунтирди. Шундан кейин соғлом авлодни шакллантиришга оид маърузалар тингланди. Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Лобар Машрапова "Маҳаллаларда "Саломатлик мактаби" фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда патронаж хизматини самарали ташкиллаш", вилоят "Она ва бола" скрининги маркази вакили Саломатхон Эгамова "Эрта турмуш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлар ҳамда ногирон фарзанд туғилишининг олдини олиш", вилоят перинатал маркази мутахассиси Дурдона Машраббоева "Она ва бола саломатлигида туғруқлар орасидаги интервалнинг аҳамияти" ҳақида тўлиқ маълумотлар бердилар.
Амалий семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Якубова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Васила Тожибоевалар иштирок этиб, аёллар саломатлигини муҳофазалашга эътиборни янада кучайтириш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни шакллантиришга оид ишлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифларни кўрсатиб ўтдилар. Ҳамкор ташкилотларнинг биргаликдаги фаолиятини янада кучайтириш муҳимлигини таъкидлашди.