Аҳоли тиббий маданиятини ошириш, жумладан, турли хасталикларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган текширувларнинг нечоғлик самарадорлигини кўпчилик яхши тушуниб боряпти. Вилоят эндокринология диспансери мутахассислари томонидан жойларда ташкил этилаётган шундай тадбирлар аҳолини қандли диабет касаллиги билан хасталанишининг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Кейинги пайтларда Тўрақўрғон туманидаги давлат идоралари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларини айни йўналишдаги скрининг назоратидан ўтказиш чоғида фуқароларга мазкур касаллик профилактикаси юзасидан кенг миқёсда тарғибот ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида 40 ёшдан ошган фуқароларни қандли диабетга текширувдан ўтказяпмиз, – дейди диспансер шифокори Фаррух Холматов. – Жойлардаги 118 та тиббиёт бригадалари учун 152 та глюкометр, 984 та лацент ва 1978 та тест япроқчалари ажратилган. Биздаги маълумотларга кўра, туман бўйича икки минг нафарга яқин фуқаро юқоридаги касаллик билан рўйхатда туради. Уларни назоратда тутиш билан бирга текширишлар чоғида диабетга мойил инсонларни аниқлаб, даволанишга жалб этиш чоралари кўрилмоқда.
Сарой маҳалласидаги 58-умумтаълим мактаби жамоасини профилактик текширувдан ўтказиш натижаларига кўра, бир кишида хасталик, икки кишида глюкозага толерантлик ва 4 нафар ўқитувчида ортиқча вазн аниқланди.
– Бир неча йилдан буён диспансер назоратида тураман, – дейди муаллим Р. Йўлдошев. – Бугун мактабимизга келган тор доира мутахассислари умумий саломатлигим даражасини яна бир карра қатъий текширувдан ўтказишди. Қўшимча дорилар қабул қилиш бўйича тавсия олдим. Шифокорларнинг тарғиботи бошқа ҳамкасбларимга ҳам анча фойдали бўлди. Ҳар ҳолда касалликнинг олдини олган яхшида.
Кўпчиликда шундай одат шаклланган, саломатлик даражасини яқиндан билиш мақсадида тиббиёт муссасасига бориш учун вақтини қизғанади ёки ҳафсала қилмайди. Масаланинг шу жиҳатидан келиб чиққанда соҳа мутахассислари жойларда оммавий скрининг текширувларини йўлга қўйганлиги нафи катта бўлаётир.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.