Соғу саломат юрган инсон бахтиёр ҳаёт кечиради. Касалликка чалинган кишининг умри эса муаммолар гирдобида ўтади. Вақтида шифокор қабулида бўлиб, тегишли тавсиялар асосида даволаниб юрганлар эса узоқ яшайдилар.

Шу боис ҳам мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар доираси тобора кенгайиб бормоқда. Соҳада кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга эришилмоқда. Хусусан, юртдошларимиз соғлиғини мустаҳкамлашнинг янгидан-янги имкониятлари фао­лиятга татбиқ этилмоқда. Эндиликда соғ­лиғида муаммоси бор кишилар шаҳарлардаги тиббиёт масканларига эмас, балки тажрибали тиббиёт ходимларининг ўзлари беморлар ҳузурига ошиқишмоқда.

Олис туманларда яшовчи инсонларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини яратиш масадида ташкилланаётган турли тиббий тадбирлар шулар жумласидандир. Чунончи, вилоятимизда яна бир муҳим тиббий жараён бошланди. Ҳудудларда касалликка чалинган аҳоли вакиллари билан учрашувлар ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари вакиллари иштирокидаги тиббий кўриклар ўтказишга киришилди. Яқинда малакали шифокор ва мутахассислар гуруҳи Поп туманига йўл олди.

Эрталабданоқ туман маданият маркази аҳоли вакиллари билан гавжумлашди. Бу ерда республика, вилоят ва туман тиббиёт муассасалари вакиллари попликларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатдилар. Маданият маскани залида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маслаҳатчиси Санжарбек Турсунов ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовлар томонидан сайёр қабул ўтказилди. Ўнлаб кишилар саломатликларини тиклаш, шифохоналарда ётиб даволаниш бў­йича ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Ўз нав­батида кўрсатилган малакали тиббий хизмат учун шифокорларга миннатдорчилик изҳор қилувчилар ҳам оз эмасди.

– Давлатимизга минг раҳмат, халқ саломатлигини сақлашга эътибор йилдан йилга кучаймоқда. Буни ўз оилам мисолида яққол ҳис қилдим. Фарзандим Сулаймон юрак хасталигидан азият чекарди. Яқинда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали тажрибали шифокорлари жарроҳлик амалиёти ўтказиб, ўғлимни соғлом ҳаётга қайтаришди. Бундан жуда ҳам хурсандман. Шу муносабат билан миннатдорчилик билдиргани келдим, – дейди Моҳичеҳра Лочинова.

Муассаса фае­сида юртимизнинг таниқли саломатлик посбонлари кун бўйи тиббий кўрик олиб боришди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиа­ли, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг вакиллари саломатлигида муаммоси бор қариялар, ногиронлар, аёллар ва болаларга ўндан ортиқ йўналишлар бўйича юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишди. Куннинг биринчи ярмида икки юз нафардан зиёд бемор тиббий кўрикка келганлиги жараён жадал давом этганлигини кўрсатиб турибди.

– Ёшим 90 га яқинлашмоқда. Саломатлиги ҳақида қайғурган одам узоқ яшайди. Соғлиғимда айрим муаммолар кузатила бошлаган эди. Вилоятдан келган мутахассис ҳолатимни обдон текшириб,тегишли дори-дармонларни ёзиб берди. Жуда хурсандман, узоғим яқин бўлганидан,-дейди Шомирали ота Йўлдошев.

Тиббий статистларнинг маълумот беришларича, шу куннинг ўзида салкам 500 нафарга яқин киши тиббий кўрикдан ўтди. Сайёр қабул пайтида 24 нафар хастаҳол саломатлигини тиклаш бўйича мурожаат этди. Уларни безовта қилаётган касалликларни даволаш чоралари кўрилаётир. Бу "Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун!" тамойилининг амалдаги ифодасидир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.