Мана, Ўзбекистон Республикаси референдуми ўтказилганига ҳам қарийб бир ой бўлмоқда. Мазкур сиёсий тадбир ғоят муваффақиятли якунлангани унинг натижаларида яққол кўринди. Референдумга қўйилган масалани ёқлаб "Ҳа" деб берилган овозлар сони иштирок этганларнинг 91,21 фоизига тўғри келди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 1 майдаги қарорига кўра, "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган деб ҳисобланди. Расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

Янгиланган Конституциямиз муқаддима, олти бўлим, XXVII боб ва 155 та моддадан иборат. Биз ушбу мақоламизда айрим моддаларга қисқача тўхталиб ўтамиз:

1-моддада белгиланганидек:

"Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат...".

2-моддада белгиланганидек:

"Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар".

Юқоридаги кафолатли ҳолатлардан англашимиз мумкинки, биз мустақил юртнинг эркин ва иқболи баланд фуқаросимиз. Ҳамиша давлат паноҳида, ҳимоясида ва давлат ғамхўрлигида яшаймиз. Айниқса, "ижтимоий" деган атаманинг киритиб қўйилиши давлатимиз меҳрибонлигидан далолатдир. Халқ манфаати устуворлиги барқарору бардавом бўлиши қонуний кафолатда. Чунки, давлат идораларию, мансабдор шахсларнинг олдимизда масъуллиги алоҳида қайд этилган.

Албатта, инсон қадри, эмин-эркинлиги унинг ҳақ-ҳуқуқларга эгалигида. Иккинчи бўлимда инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига ўрин берилган. Жумладан, 19-моддада баён этилганидай:

" ... Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади.

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, милллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар".

Булар умумий қоидалар ҳисобланади. Шу ўринда "Фуқаролик" деб номланган VI бобга ҳам назар ташлашимиз шарт.

22-моддада айтилганидай:

"Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъий назар, ҳамма учун тенгдир.

Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси айни вақтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади...".

Демак, биз фуқаро сифатида Ўзбекистоннинг қаерини хоҳласак, ўша жойига бориб яшашимиз, ўқишимиз ва ишлашимиз мумкин. Ва айни пайтда барча ҳуқуқларимиздан, имтиёзларимиздан фойдалана оламиз. Бу борада ҳеч қандай моънеликларга дуч келмаймиз. Яна бир муҳим томони фуқароларимизнинг давлат ҳимояси Ватанимиздан ташқарида вақтинча турганимизда ҳам сақланиб қолади. 23-моддада битилганидек:

"Ўзбекистон Республикаси ўз худудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди...".

Конституциямизнинг VII боби "Шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга бағишланган. Лекин барчасига батафсил шарҳ беришга имконимиз йўқ. Ахир 11 та моддани ўз ичига олгани учун биргина мақолада унинг муҳим томонларига эътиборингизни тортиш билангина кифоя­ланамиз:

Даставвал "Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.

Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади" ( 25-модда). Агар зийраклик билан назар ташлаб, чуқурроқ идрок этсангиз, давлатимизнинг инсонпарварлиги шу қисқа сатрларга сингдириб юборилган. Яъни биринчидан, ҳар бир инсон ҳаёти қонун ҳимоясида. Унинг яшашига қарши қасд қилиш сира мумкин эмас, бу энг оғир жиноят. Лекин жиноятчи ҳам инсонлиги унутилмаган. Ҳатто, давлатнинг ўзи ҳам бирор инсонни ўлим жазосига гирифтор этишдан тийилган. Унинг ўрнига умрбод озодликдан маҳрум қилинади. Шундай экан, нега одамлар бир-бирининг ҳаётига қасдлашиши керак. Асло бундай фожеали ҳолатга йўл қўйиб бўлмайди. Қанийди, шуни айрим бераҳм кимсалар унутиб қўймаса?!

Мамлакатимизда кейинги маҳалда "Инсон қадри учун" тамойили асосида иш юритишга эътибор кучайтирилган. Бу зарур ҳолат янгиланган Конституциямизда ёрқин акс эттирилган: "Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас..."(26-модда). Шундан келиб чиқсак, на оғзаки, на ижтимоий тармоқда, на матбуот саҳифаларида, на телекўрсатуву радиоэшиттиришларида инсон шаънини булғовчи бўҳтонлар, туҳматларга йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, инсоннинг қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун туради.

Ўғилой БОЗОРОВА,

Тўрақўрғон туманидаги

1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим

мактабининг тарих фани ўқитувчиси.

(Давоми бор).