Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида электрон рўйхатхона тизимининг ишлаш тажрибаси ўрганилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шокиржон Ҳайдаров таклиф этилганларга шу ҳақда батафсил гапириб берди.

Бирлашма пуллик хизмати бўлими бошлиғи Ҳошимжон Асқаров мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ҳақида маъруза қилди. Қайд этиш жоизки, тиббиёт бирлашмасида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кафолатланган бепул тиббий хизматлардан ташқари махсус йўлланмасиз беморларга врач қабуллари ва бошқа диагностик хизматлар пуллик асосида йўлга қўйилган.

Семинар 9-оилавий поликлиникаси тажрибаси асосида давом эттирилди. Бош врач Насиба Дадабоева электрон рўйхатхона тизимининг ишлаш ҳолати, геолакация бўйича патронаж ҳамшираларининг ҳудудларга чиқиб, аҳолига кўрсатаётган тиббий хизмати хусусида гапириб берди.

Тегишли дастурга мувофиқ Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг амбулатор-поликлиника хизмати бўйича ўринбосари Абдурасул Иномиддинов "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" умуммиллий ҳаракатида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда бирламчи тизимнинг ўрни ҳақида" сўзга чиқди. Вазирликда ўтказилган анжуманда бу борада белгилаб берилган устувор вазифаларга эътиборни қаратди. Бинобарин, айни пайтда мазкур ҳаракат доирасида маҳаллаларда қизғин иш олиб борилмоқда.

Амалий тарзда кечган анжуман ниҳоясида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизмати ишини тубдан такомиллаштириш, ахборот коммуникацион технологиялардан янада самарали фойдаланган ҳолда тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш билан боғлиқ вазифаларни белгилаб берди.