Барча соҳалар қатори тиббиётда ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Соҳага янгича хизмат йўналишлари татбиқ этилаётир. Республикамизда давлат тиббий суғуртаси босқичма-босқич жорий қилинмоқда. Бу эса тизимда хизмат қилаётган шифокору ҳамширалар фаолиятини янгича мезонлар асосида ташкил этиш заруриятини юзага чиқариши табиий. Чунки, соғлиқни сақлаш тизими иши самарадорлиги ва сифатини ошириш кўп жиҳатдан малакали кадрларга боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас.

Айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси тизимида 5 минг нафардан зиёд врачлар фаолият юритмоқда. Улар сафида касбига садоқати ва астойдил изланишлари билан тиббий хизмат равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётган саломатлик посбонлари талайгина. Жумладан, 3 нафар фан доктори ва 22 нафар тиббиёт фанлари номзодлари бор. Илмий изланишлар олиб бораётган мутахассислар сони ҳам ортмоқда. Олий тоифали тиббиёт ходимлари сони шифокорларнинг салкам тенг ярмини ташкил этади.

Шундай бўлсада, врачлар малакасини ошириш, уларнинг касбий маҳоратини ўстириш вазифаси жуда ҳам долзарб бўлиб турибди. Чунки, давлат тиббий суғурта тизими шароитида тўлақонли ва самарали тиббий хизмат кўрсатилишига эришиш учун тажрибали, билимдон ва лаёқатли шифокор мутахассисларга таянилади. Улар фаолияти натижадорлиги муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз томонидан кафолатланган тиббий хизматларни самарали ташкилланиши ўз-ўзидан аёнки, кўп жиҳатдан шифокорларимизнинг билими, малакси ва тажрибасига боғлиқ. Энди ажратиладиган маблағларнинг мақсадга мувофиқ сарфланиши қатъий назоратда бўлади.

Янги тизимни татбиқ этишга ўтишга тайёргарлик босқичида мана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йилнинг ўтган даврида 600 нафардан зиёд врачларнинг малакасини ўстиришга эришилди. Улар вилоятда ташкил этилган сайёр циклларда билим ва маҳоратларини оширишга муваффақ бўлдилар. Умумий нейрожарроҳлик, болалар асаб касалликлари, тез тиббий ёрдам, УТТ диагностикаси, ички касалликлар, неонатология ва бошқа мутахассисликлар бўйича билимларини мустаҳкамладилар. 115 нафар тиббиёт ходими республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида ва Андижон давлат тиббиёт институтида малака ошириб қайтдилар.

Жаҳон тиббиёти жадал тараққий этмоқда. Халқаро тажриба ва ютуқларни ўзлаштирмасдан туриб соҳани янада равнақ топтиришнинг имкони йўқ. Шу боис ҳам хорижда қўлланилаётган янги даволаш ва диагностика усулларини эгаллаб, уларни юртимизда астойдил жорий этишга ҳам устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Ҳозирга қадар Туркия, Ҳиндистон ва Озарбайжон давлатларидаги етакчи клиникалар билан шифокорларимиз малакасини янада ошириш борасида мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Қисқа фурсатда 21 нафар вакилларимиз чет эллардаги клиникалар ва тиббиёт марказларида касбий маҳоратларини ошириб қайтдилар. Бу ишлар янада кенг миқёсда давом эттирилишига ишончимиз комил.

Сир эмас, давлатимиз томонидан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тиббиёт муассасалари қайтадан модернизация қилиняпти. Халқаро тажрибалар асосида такомиллаштирилмоқда. Янги давр талабларига мос шифохоналар барпо этиляпти. Улар энг такомиллашган тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланяпти. Қолаверса, давлат тиббий суғуртаси талаблари асосида хизмат кўрсатишга ўтиляпти. Бу ўзгариш ва янгиланишларга мос билимли, тажрибали ва маҳоратли кадрларга эҳтиёж ортяпти. Шундай экан, билимдон, салоҳиятли кадрлар заҳирасини яратиш бугуннинг энг муҳим вазифаси бўлиб қолаверади.

Мухторжон ЖЎРАБОЕВ,

Давлат тиббий суғурта

жамғармасининг ҳудудий

бош мутахассиси.