Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий хизматни давр талаби асосида ривожлантириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ илгари хорижда бажарилган ўта мураккаб жарроҳлик амалиётларини эндиликда диёримизда, хусусан ҳудудларда ўтказиш ҳам одат тусига кириб бормоқда.
Бинобарин, апрелнинг сўнгги кунларида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази таниқли шифокору мутахассислари томонидан Наманганда муваффақиятли якунланган жуда нозик жарроҳлик амалиётлари туфайли оғир дардга чалинган икки беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Учқўрғонлик Акмалжон буйрак етишмовчилигидан тўрт йил азият чекди. Унинг ҳаёт кечириши гемодиализ аппаратига боғлиқ бўлиб қолди. Даставвал Наманганга, кейинчалик Уйчига узлуксиз қатнади, Учқўрғон тиббиёт бирлашмасида сунъий буйрак ускунаси ишга туширилгач, нажотни шу даргоҳдан излади. Аммо оғир дарддан қутилишга имкон топилмади. Ёш йигитнинг соғлиғи эса баттар ёмонлашиб борарди. Унинг яшаши учун буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиётини ўтказишдан бошқа чора қолмаганди. Шифокорлар бу амалиётни бажаришга қодирлару, лекин соғлом буйрак берадиган донор топишнинг ўзи катта муаммо эди.
Шундай қийин вазиятда беморнинг укаси Адҳамжон ёш умри завол бўлишига чидаб тура олмади. У буйрагининг биттасини акасига кўчириб ўтказилишига розилик берди.
– Акамнинг умри тугашига қараб тура олмадим. Унинг яшашини, соғлом ҳаёт кечиришини хоҳладим. Бу хайрли ишга нафим текканидан бахтиёрман,– дейди у.
Мардларча қабул қилинган ушбу қарор саломатлик посбонларининг астойдил ишга киришишларига туртки берди. Хастаҳол ва донор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида амалиётолди текширувларига чорланди. Мутахассислар хулосасига кўра трансплантация амалиёти Наманган филиалида ўтказиладиган бўлди.
Сурункали буйрак етишмовчилигининг бешинчи даражасини бошида ўтказаётган беморни соғломлаштириш учун мамлакатимизнинг энг таниқли ва тажрибали шифокор олимлари Наманганга етиб келишди. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Ҳаджибоев, Республика бош трансплантологи, тиббиёт фанлари доктори Пўлат Султоновлар раҳбарлигидаги жарроҳлар гуруҳи бир неча соат давомида соғлом инсон буйрагини беморга кўчириб ўтказишди. Бу мазкур филиалда олиб борилган шу турдаги иккинчи жарроҳлик амалиёти эди.
Мураккаб жарроҳлик амалиёти эртасига ҳам давом эттирилди. Бу гал эса жарроҳлик столига янгиқўрғонлик эр-хотин ётқизилди. Чунки 44 ёшли Анваржон Тўхтасиновнинг ҳаёти ҳам гемодиализ аппаратига боғлиқ бўлиб қолганди. Аёли Гулбаҳор Мамаджонова турмуш ўртоғининг ҳаёти давомийлиги учун бир буйрагини беришга қарор қилди.
– Уч нафар фарзандимиз бор. Турмуш ўртоғимнинг сўниб боришига чидай олмадим. Шифокорларга минг раҳмат, амалиёт муваффақиятли ўтди, – дейди Г. Мамаджонова.
Чиндан ҳам Гулбаҳорнинг жасоратига тассаннолар айтса айрзийди. Шифохонада мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган юртдошларимизнинг соғайиб бораётганига амин бўлдик.
Беморларнинг соғлиғи малакали тиббиёт ходимлари томонидан қатъий назоратга олинган. Филиал бош шифокори Ҳамидулла Устабоев, хирургик реанимация бўлими мудири Муродулла Эралиев ва бир гуруҳ саломатлик посбонлари оғир амалиётни бошидан ўтказган инсонларнинг тезроқ оёққа туришлари учун жонбозлик кўрсатмоқдалар.
– Мамлакатимизнинг номдор тиббиёт олимлари раҳбарлиги ва бевосита назорати остида олиб борилган қариндош донорлардан буйрак трансплантацияси амалиёти муваффақиятли якунланди. Тўрттала бемор ҳам ўзини яхши ҳис қиляпти. Уларнинг соғайиш жараёнларини мунтазам кузатиб турибмиз. Зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатилмоқда, – дейди РШТЁИМ трансплантология бўлими мудири Нурбек Исҳоқов.
Шу тариқа вилоятимиз тиббиёти тарихида яна бир қийин ва мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли поёнига етказилди. Нақадар қувончли ва унутилмас воқеа. Ваҳолангки, яқин-яқингача касалликка чалинган юртдошларимиз хориждан нажот излашар, қурби етмаганлари эса имконсиз эди. Энди бундай ташвишлар ўтмишда қолди. Ўзбекистон тиббиёти юксалди, шифокорларимиз эса маҳорат бобида чет эллик ҳамкасбларидан асло кам эмаслар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.