Мамлакатимизда "Инсон қадри учун" тамойили асосида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган кенг қамровли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда янгидан-янги шифо масканлари барпо этилмоқда, бунда энг аввало, одамларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлмоқда.
Норин туманида сўнгги икки-уч йил ичида кўплаб замонавий ва кўркам тиббиёт муассасалари бунёд қилинди. Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармони ижроси доирасида туман марказидан 20 километр олисда яшайдиган аҳолига тиббий хизматни янада яқинлаштириш мақсадида "Хўжақўрғонча" оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов маҳалла аҳлини қутлаб, ушбу муассасада саломатлик посбонлари энг аввало, халқимиз соғлиги йўлида масъул ва камарбаста бўлишлари зарурлигига урғу берди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳудудда 2001-2017 йилларда қишлоқ врачлик пункти иш олиб борди. Бора-бора бино таъмирталаб ва ачинарли ҳолга келди. ҚВП фаолияти тугатилгач, маҳаллий аҳоли қарийб 5 километр узоққа қатнаб, бир мунча қийинчиликларга учради. "Ташаббусли бюджет" дастури асосида фуқароларнинг якдил қўллаб-қувватлашлари билан ажратилган 990 миллион сўм маблағ ҳисобидан янги оилавий шифокорлик пункти қурилгани аҳолига катта қувонч бағишлади. Қўрғонча ва Чангитма маҳаллаларидаги 14 та кўчада яшовчи 6 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатувчи ушбу кўркам шифо масканида умумий амалиёт шифокори, патронаж, туғиш ёшидаги аёллар ҳамда ҳомиладор ва туғруқдан кейинги доя хизматлари, 10дан зиёд турдаги таҳлиллар учун лаборатория, кундузги даволаш йўлга қўйилди. Асосийси, муолажа даврида беморлар махсус рецептга кўра 120 турдаги дори воситалари билан бепул таъминланади. Келгусида эса 30 ўринли болалар касалликлари бўлими ташкил этилиши режалаштирилган.
– Ҳаёт давом этаркан, оқ халат соҳибларига ишимиз тушмай иложи йўқ. Ҳозиргача уч ўғлим, икки келиним, беш набирам билан тиббий хизматлардан фойдаланишда узоқ йўл босишга мажбур бўлганмиз. Олти йиллик танаффусдан сўнг, қишлоғимизга тиббиёт маскани қайтарилди, – дейди "Хўжақўрғонча" МФЙда яшовчи Муҳаббатхон ая Исабоева. – Янги оилавий шифокорлик пунктидаги шароитларни кўриб, бошимиз осмонга етди. Шифокордан тортиб, оилавий ва патронаж ҳамшираларининг қўли кўксида. Тиббий жиҳозлар замонавийлашган. Бугуннинг ўзида қон таҳлилларини топширдик.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Норин тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфида 1 та марказий шифохона, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 8 та оилавий шифокорлик пункти ва 4 та оилавий поликлиника халқимизга хизмат кўрсатмоқда.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
ЎзА.