Мамлакатимизда "Халқаро ҳамширалар куни" 1996 йилдан бери нишонланиб келинмоқда. Ҳар йили 12 майда ҳамширалар, фельдшерлар, лаборантлар, доялар, қўйингки, барча ўрта тиббиёт ходимлари эъзозланади. Уларнинг эл соғлиғини мустаҳкамлаш борасидаги заҳматли хизматлари қадрланади, чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Энг фаол ва тажрибали, меҳнатсевар ва ташаббускорлари рағбатлантирилади.

Мазкур сана бежиз танланмаган. 12 май ҳамширалик ишининг асосчиси Флоренс Найтингейл (18201910) таваллуд куни билан боғлиқ. Инглиз аёли ҳамширалик ишининг биринчи назариётчиси сифатида танилган мутахассис ва давлат арбоби бўлган. Унинг ғоя ва ташаббуслари билан ҳамширалик ишига асос солинган. Халқаро ҳамширалар кунини ташкил этиш тўғрисидаги қарор 1899 йилда тузилган Халқаро Кенгашга тегишли. Мазкур Кенгаш ҳамширалик ишидаги туб ўзгаришлар, инновация ҳамда кичик тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ташаббуси билан чиққан. Таъкидланишича, ҳамширалар муҳим тиббий касб соҳиби сифатида соғлиқни сақлаш келажагини белгилашда фаоллик кўрсатишлари керак.

Фаолиятим даврида жуда кўп мамлакатларда бўлиб, ҳамширалик ишининг ташкил этилиши ва такомиллаштирилишга оид тажрибалар билан танишганман. 20 йил муқаддам Японияга борганимизда тиббий хизмат даражасини, шифохоналар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланганлигини кўриб, ҳавас қилгандик. Яқинда Туркия давлатида, Озарбайжонда хизмат сафарида бўлганимда эса у ерлардаги фаолият даражасини ўзимиздаги имкониятлар билан таққосладим.

Эътироф этиш жоизки, Янги Ўзбекистонимизда тиббиёт соҳасида ҳам қисқа муддатда юқори натижаларга эришилаётганининг гувоҳи бўлдим. Муболағасиз айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистонда ҳам хориждагидан кам бўлмаган шарт-шароитлар яратилди. Даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник имкониятлари жаҳон андозалари даражасида ривожлантирилмоқда. Тиббиёт ходимларининг, хусусан ҳамшираларнинг ҳам касбий маҳорати, билими юксалтирилмоқда.

Ҳозир вилоятимизда 29 минг нафардан ортиқ ўрта тиббий ходим ва 400 нафардан зиёд олий маълумотли ҳамширалар фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда уларнинг жамиятдаги ўрни, ижтимоий мавқеини кўтариш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази фао­лияти билан танишиб, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳамшираларни ўқитиш ва малакасини ошириш, меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини кўпайтириш, умуман, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масалалари бўйича топшириқ берилганидан ғоят мамнунмиз.

Эндиликда ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Туркиянинг Соғ­лик билимлари университети билан ҳамкорликда Тошкентда Ҳамширалар академияси ташкил этилмоқда. Янги ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайдиган академияда ҳамшираларни тайёрлаш 4 йиллик ўқув дастури асосида Соғ­лик билимлари университети профессор-ўқитувчилари томонидан халқаро таълим стандартлари асосида амалга оширилади. Унга кўра, таълимнинг икки йили Ўзбекистонда ва икки йили Туркияда олиб борилади.

Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ мамлакатимизда ҳамширалик ишининг янги босқичга кўтаришга имкон яратади, албатта. Шу билан бирга соҳада фаолият олиб бораётган ўрта тиббиёт ходимлари билим ва малакасини муттасил ўстириш муҳим аҳамият касб этаверади. Чунки, давр шиддат билан ўзгаряпти. Тиббиёт ҳам муттасил ривожланмоқда. Бу эса ҳар бир ҳамширадан интилувчанликни ва изланувчанликни талаб қилади. Касбий маҳоратни узлуксиз ўстириб бориш, ўз устида ишлаб, янгиликларни ўзлаштириб, шунчаки шифокор ёрдамчиси эмас, балки маълум ихтисосликка ва малакага эга тиббиёт ходимига айланишни тақозо этади.

Ҳамширалик касби алоҳида мутахассислик бўлиб, мукаммал ўзлаштириш учун ҳамшира биология, анатомия, кимё, математика ва физика бўйича асосий билимларга эга бўлиши керак. Шунингдек, беморлар билан ишлашда ҳамширадан тез-тез жисмоний ва ҳиссий стресс­ларга дош бериш учун хушмуомалалик, эҳтиёткорлик, масъулият ва яхши соғлиқ талаб этилади.

Хориж ва устозларимиз тажрибаларидан келиб чиқиб "Ҳамширалик жараёни"га асосан бугунги кун ҳамшираси муолажа бажариш билан чекланиб қолмасдан, юқори технологик тиббий асбоб ускуналар билан ишлашни, беморларни умумий парвариш қилишни, касалликнинг белгиларини кузатиш ва беморнинг муаммоларини аниқлаб, ҳамширалик ташхисини қўя олишни ҳамда шифокорнинг кўрсатмаларига риоя қилиш ва индивидуал белгилар бўйича мустақил қарор қабул қилишда иштирок этиш талаб этилади.

Вилоятимизнинг кўпминг сонли ўрта тиббиёт ходимлари зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда халқимизга сифатли ва малакали хизмат кўрсатиш учун астойдил интилаверадилар. Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамшираларни яқинлашиб келаётган хал­қаро сана билан қутлайман. Уларнинг ғоят масъулиятли ва шарафли фаолиятларида омадлар ёр бўлсин.

Райҳона МАНСУРОВА,

ВССБ бош ҳамшираси,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси.