Ўрта тиббиёт ходимлари ўртасидаги "Ҳамшира-2023" кўрик-танловининг вилоят босқичи якунланди.
Янги Наманган туманидаги 2-Наманган тиббиёт коллежида кечган кўрик-тангловда шаҳар ва туманлар ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари доирасида ўтказилган саралаш босқичлари ғолибларидан 10 нафари Республика миқёсида бўладиган финал беллашувига йўлланма олиш учун астойдил ҳаракат қилдилар. Жумладан, Мингбулоқ туманидаги "Қўғаликўл" оилавий шифокорлик пункти амалиёт ҳамшираси Севара Иномиддинова, Тўрақўрғон туманидаги 29-оила поликлиникаси патронаж ҳамшираси Шаҳрибону Тўраева, Чортоқ туманидаги "Боғистон" оила шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси Мадина Тўхтахўжаева, Уйчи туманидаги "Ёркатай" оилавий шифокорлик пункти тиббий бригада ҳамшираси Ойхон Нажмиддинова, Учқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Гулнора Каримова, Норин туманидаги "Чўжа" оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси Равзахон Араббоева, Давлатобод туманидаги 18-оилавий поликлиника ҳамшираси Умида Собитова, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси болалар шифохонаси ҳамшираси Мафтуна Ҳайитова, РШТЁИМ Наманган филиали хирургик реанимация бўлими ҳамшираси Шаҳноза Бобомирзаева, ВБКТТМ реанимация бўлими ҳамшираси Умидахон Тўхтахўжаевалар тегишли Низомга кўра тўртта шарт бўйича билим ва маҳоратларини намойиш этишди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати қатнашчиларнинг "Тиббиёт соҳасига доир амалий билимлар", "Тиббиёт соҳасига оид назарий билимлар", "Ижтимоий-сиёсий билимлар бўйича беллашув", "Тиббий билимларга оид тезкор савол-жавоблар" юзасидан чиқишларини адолатли баҳолаб бордилар.
Зукколик, маҳорат ва малака бобида рақибларидан устунликка эришган Шаҳрибону Тўраева ҳаммадан кўп – 238 балл тўплаб, "Ҳамшира-2023" кўрик танловининг вилоят босқичи мутлақ ғолиби бўлди. Шаҳноза Бобомирзаева 216 балл билан иккинчи, Мафтуна Ҳайитова эса 210 балл жамғариб, учинчи ўринни эгаллади.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов астойдил интилиши, чуқур билими ва касбий маҳорати билан ҳамкасбларига намуна кўрсатган ўрта тиббиёт ҳодимларини эришган юксак натижалари билан самимий қутлади. Уларнинг янада астойдил изланиб, билим ва маҳоратлари билан халқимизга намунали тиббий хизмат кўрсатишларига ишонч билдирди. Бош ҳамшира Райҳона Мансурова тажриба ва заковат бобида ҳамкасбларига ўрнак кўрсатган саломатлик посбонларининг келгуси фаолиятларига омад тилади.
Кўрик-танлов ниҳоясида ғолиб ва совриндорларга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.