Ҳар йили "5 май Халқаро доялар куни" сифатида нишонланиши одат тусига кириб қолган. Вилоятимизда ҳам ушбу касб эгаларини шарафлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. "Ёшлар маркази"да вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят перинатал маркази томонидан ташкилланган тантанали маросимда ўрта тиббиёт ходимлари шаънига илиқ фикрлар билдирилиб, уларнинг баркамол авлодни шакллантиришдаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Тантанали тадбирга вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида фаолият олиб бораётган энг фаол дояларнинг вакиллари таклиф этилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда репродуктив саломатлик бўйича ўринбосари Васила Тожибоева, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев, бош ҳамшира Райҳона Мансурова, вилоят перинатал маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Ирода Муҳиддинова, меҳнат фахрийси Зарифа Қосимова ва бошқалар маросим қатнашчиларини халқаро сана билан қутладилар.
Тадбир давомида вилоят перинатал марказининг бир гуруҳ шифокор ва мутахассислари сифатли акушерлик ва гинекологик ёрдам кўрсатишда дояларнинг ўрни, оилани режалаштириш, она сутининг аҳамияти, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга оид маърузалар ўқидилар. Аҳолига гинекологик хизмат кўрсатишнинг аввалги ҳолати ва бугунги юксак имкониятлари ифодаланган театрлаштирилган чиқиш мазмун-моҳияти билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. Фидойи тиббиёт ходимларини улуғловчи куй ва қўшиқлар тадбирга тантанаворлик бахш этди.
Маросим ниҳоясида ўзининг изчил фаолияти билан ҳамкасбларига ўрнак кўрсатаётган тажрибали доялардан бир гуруҳи эсдалик совғалар билан тақдирланди.