Луиза шаҳардаги 1-сонли мактабда ўқиб юрган кезлари унинг ижобий сифатлари ёнига интизомли, аъло хулқли, одоб-ахлоқ, тиришқоқ, топқир ва намунали ўқувчи каби ёқимли сўзлар қўшилди. Бу эса меҳрибон устози ва синф раҳбари Людмила Васильевнанинг яқин кўмакчисидек шараф эгаси бўлишига сабаб бўлди. Шунингдек, Луиза баскетболни хуш кўрар ва мактабдошлари орасидаги мусобақаларда унга тенг келадигани йўқ эди.
Ёшлигидан орасталикни ёқтирадиган, билимга ташна, ҳозиржавоблиги билан устозларининг олқишига мушарраф бўлган Луиза мактабнинг 9-синфини битиргач, мақсадига кўра Наманган тиббиёт коллежининг акушерлик бўлимига ўқишга кирди ва таҳсил олиш жараёнида тиббиёт сирларини ўрганар экан, беморни дарддан халос этиш, уларнинг ташвиши билан яшаш, халқига кўпроқ наф келтиришдек юксак орзуларни дилига жойлади.
Наманганда 2005 йили очилган кардиология шифохонасига кириб келган дипломли ҳамширани тажрибали врач, жарроҳлик бўлими мудири Низомжон Узоқов оталарча ғамхўрлик билан қарши олди.
– Қизим, гап бундай, – деди оҳиста, – сизни пойтахтга, яъни Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказига малака оширишга юборамиз.
Шу дам Луиза учун зулмат ичидан нур таралганга ўхшади. Ҳаяжондан юраги хапқирди. У бўлим мудири хонасидан қуш каби учиб чиқар экан, хурсандчиликдан кўзидан думалаган икки томчи ёшни кафти билан сидириб олди... Бу хурсандчилик унинг мустақил ҳаётга илк қадам қўйишидан дарак ҳам эди.
Шу зайлда Луиза соҳага оид кўплаб қўлланмаларни ўқиди, изланди, устозларидан жуда кўп амалиёт сир-асрорларини ўрганди, билмаганларини сўраб ўзлаштирди.
Ўн саккиз йилдирки, биринчи тоифали ширинсўз ҳамшира Луиза Абдуразақова камтар ва камсуқумлиги, касбига садоқати, беморларга ўз ота-онаси ва яқинлари каби меҳр билан қараши, муолажаларни кечиктирмай бажариши, жамоа ишларида ташаббускор ва фаоллиги билан барчанинг бирдай ҳурматига сазовор бўлиб келаётир.
У ҳар гал жарроҳлик амалиётида иштирок этар экан, оқ халат соҳибларидан нажот кутиб хавотир билан столга ётаётган беморга меҳр билан муносабатда бўлади, уларнинг кўнглини кўтаради, хурсандчилигидан шодланади ва аксинча, қайғусидан изтиробга тушади. Айтиш жоизки, у моҳир ва тажрибали ҳамшира сифатида жамоанинг фахрига айланган. Яқин дўсту дугоналари унга ҳавас кўзи билан қарашади.
– Бўш пайтингизда нималар билан шуғулланасиз, – сўраймиз суҳбатдошимиздан.
– Аввало айтишим керакки, оилам ва жамоасиз ҳаётимни тасаввур этолмайман. Бўш вақтимни эса турмуш ўртоғим ва фарзандларимга бахш этаман, – дейди суҳбатимиз якунида мақоламиз қаҳрамони қувноқлик билан.
Дарҳақиқат, Луиза Абдуразақованинг оиласи ҳақида икки оғиз. У Ойбек билан битта маҳаллада ўсди, болаларча дўст бўлиб улғайди. Тақдир тақазоси, қолаверса, ўзаро дўстона ҳурмат чин маънодаги муҳаббатга айланди. Уларнинг ниятини ота-оналари ҳам қўллаб-қувватладилар. Натижада ҳис-хаяжонга тўла икки юрак 2007 йилнинг 21 апрель санасида оила деган шарафли манзилда бирлашдилар. Муҳаббат риштасининг ҳосили сифатида уларнинг муқаддас қўрғонида Отабек, Согдиана ва Фаина исмли бир-биридан ширин, солиҳ фарзандлар дунёга келди. Уларнинг кенжаси болалар боғчасида тарбияланаётган бўлса, катталари мактабда аълога ўқимоқдалар.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Луиза Абдуразақованинг ҳалол ва матонатли меҳнатлари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва раҳбарияти томонидан бир неча бор Фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган. Шунга айтсалар керак-да, "Меҳнат қилган элда азиз" деб.
Қамбар ҲАЙДАР.