Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида мамлакатимиз тарихида муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси референдуми олдидан вилоятимиз тиббиёти жамоатчилиги иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди. У янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида батафсил тушунча берди.
Таъкидлашича, янгиланаётган Конституциямиз халқ бахту саодати, унинг фаровон ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини ўзида мужассам этган қомусдир. Бинобарин, Конституция лойиҳага кўра 155 та моддадан иборат бўлиб, эртанги тараққиётимизга хизмат қилади. Ҳужжатдаги ҳар бир модда муҳим аҳамиятга эгадир. Жумладан 44-моддада "...Болалар меҳнатининг болалар соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади" деб ёзиб қўйилган.
48-модда эса тиббиёт соҳасига тегишлидир. Унда қайд этилишича, "Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.
Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади".
Шунингдек, Конституция лойиҳасининг 79-моддасида "...Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади" деб белгилаб қўйилган.
Тадбирда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Севара Фахриддинова ҳам сўзга чиқди.