ёхуд ҳуқуқларимиз – ҳақдорлигимиз,

бурчларимиз – фарздорлигимиз

Ўзбекистон Республикаси референдумида халқнинг розилигини олиб, амалга киритиладиган янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасининг ҳақиқий ижодкори халқнинг ўзи, десак тўғри эътироф этган бўламиз. Кўп бор таъкидланаётгандек, Қомусимизнинг лойиҳаси бу сафар фақат олиму мутахассислар томонидан кабинетларда ёзилмади. Барчамиз билганимиздай, аввало, икки босқичда халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилди. Кейин эса лойиҳа матни яратилди. Илгари бунинг акси эди – лойиҳа тайёрлангач, халқ муҳокамаси ўтказиларди-да. Энди биринчи босқичда Конституция лойиҳасини шакллантириш жараёни кетди. Халқдан 60 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Бугунги лойиҳага назар ташланса, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси ўрин олган. Агар турли томонлардан бир хил ёки бир-бирига яқин таклифлар билдирилгани эътиборга олинса, аслида ўша қимматли ва ўринли фикрлар лойиҳа матнига юқоридагидан-да кўпроқ сингдириб юборилганига ҳеч шубҳа йўқ. Шундан кейин ҳам янада такомиллаштириш мақсадида иккинчи босқичга ўтилди, яъни лойиҳа умумхалқ танишиши учун ҳавола этилди. Муҳокама кенг доирада ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари орқали 5 миллион аҳоли ўқиб, 150 мингдан зиёд таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Негаки, муҳокамадан меҳнат жамоалари, олийгоҳларнинг ўқитувчи ва талабалари, маҳалла фаоллари ва зиёлилар қатлами ҳам четда турмади. Яна 10 мингта қўшимча таклифлар келиб тушди.

Булар ҳам инобатга олиниб, лойиҳанинг мукаммаллиги таъминланди, дейишимизга тўла асос бор, албатта. Агар ҳозиргача амалда бўлиб турган Конс­титуциямизга янгиланаётганини ҳажман таққосласак, 65 фоизга кенгайди. Янги 27 та модда, 159 та норма киритилди.

Бугун биз 434 та нормани ўзида мужассамлаган 155 та моддадан иборат Конституция лойиҳасига эга бўлиб турибмиз. Чуқурроқ ўйлаб қарасак, ушбу Конституциямиз лойиҳасини қўллаб-қувватлаб розилик билдирсак, шак-шубҳасиз Ватанимиз бугуни ва эртаси учун, давлатимиз тараққиёти, куч-қудрати учун овоз берган бўламиз.

Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш шаклланаётган экан, бу ҳолат янгиланаётган Қомусимизда ҳам яққол намоён. Чунончи, "давлат – жамият – инсон" тамойилини "инсон – жамият – давлат" дея ўзгартириш таклиф қилинмоқда. Биринчи ўринга давлат эмас, инсон чиқарилмоқда. Айни вақтда "жамият ва инсон" ибораси ҳам "инсон ва жамият" шаклига ўтиши табиий ҳолдир. Аслида шу икки сўзнинг эгизланиб қўлланиши бежиз эмас. Инсон бўлмаса, жамият ҳам бўлмайди. Бирини бирисиз тасаввурлаш асло мумкинмас. Энди гапни шахсни шарҳлашдан бошласак: мен, сен, у – биринчи, иккинчи, учинчи шахс бирликда бўлса-да, бирлашиб БИЗга айланади. БИЗ, СИЗ, УЛАР – кўпликдаги шахслардир. Ёхуд барчасининг жамланмаси ЖАМИЯТ аталмиш тузилмани ташкиллайди.

Ҳар қандай давлат – қонунлар билан тирик, қонунлар билан барқарор. Қонунлар эса хал­қаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига мутаносиб ҳолда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларига хизмат қилмоғи шарт.

1-моддада: "Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунё­вий давлат" деб қўйилган. Бунда "ижтимоий" сўзи жуда катта маъно-моҳиятга эга. Меҳрибонлик, ғамхўрлик, эътибор каби атамалар асносида чинакам инсонпарварлик давлатимизнинг ўзига хос табиатига айланади. "Инсон қадри учун" тамойили устувор аҳамият касб этади.

Давлат фаолияти 2-моддада: "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар" деган фикрларда мужассамланган.

Демак, давлатнинг халқ манфаатларидан бошқа манфаати йўқ, ҳатто манфаатларимиз кафолати сифатида давлат ўз органлари ва мансабдорларига катта масъулият юклаган. Бундан ягона мақсад, жамиятнинг жонли танасида доимий равишда ҳаётбахш "қон оқишини" таъминлашдир. Ўз навбатида жамиятни ташқи хавфли "вирус"­лардан асрашни ҳам назарда тутади.

Янгиланаётган Конституциямиз лойиҳасининг иккинчи бўлими сиз билан бизнинг ҳуқуқларимиз, эркинликларимиз ва бурчларимизга бағишланган. 21-модда айниқса диққатга лойиқ: "Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас...". Бу қонун устуворлиги тамойилига асосланган жамият талаби ҳамдир. Ноқонуний топшириқ, ноқонуний вазифалар ҳеч кимнинг зиммасига юкланиши мумкин эмаслигини ҳам кафолатлайди.

Инсон соғлиги жамият ва давлат учун ўта муҳим масала. Соғлом халқ – Ватан куч-қудрати манбаи. Шу боис, эл саломатлигини сақлаш соҳасига давлатнинг эътибори беқиёс. "...Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради..." (48-модда). Натижада хал­қимизнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи тўла-тўкис таъминланади. Одамларнинг умрига умр қўшилади, жамиятнинг фаол аъзоси бўлиб қолиш имконият йўқолмайди.

Фуқароларнинг таълим олиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, хусусий мулк дахлсизлиги, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ва бошқа зарур ҳуқуқлар бундан буён янада кенгаймоқда. Янги нормалар билан бойитилгани барчамиз учун айни муддаодир. Энг муҳими, "Инсон ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари"га алоҳида боб ажратилган. Мазкур X бобдаги 54-моддага мувофиқ: "Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир...". Мабодо, ҳуқуқ ва эркинликларимиз бузилса, 55-моддага асосан "...Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади...". Мазкур ҳуқуқимиз – ҳақдорлигимиз, уни талаб қилишимиз – ўз манфаатимизни ҳимоя қилишимиздир.

Лекин бир ҳолатни ҳамиша эсда тутишимиз лозим. Ҳар қандай хатти-ҳаракатимиз иккинчи бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларига қарши бўлмоғи қонунга хилофдир. Биз бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишимиз шарт. Ана ўшанда жамиятимизда тартиб-интизом мустаҳкам бўлади. Келишмовчилик ва можаролар туғилмайди. Аҳиллик ва ҳамжиҳатликка путур етмайди.

Ҳуқуқларимиз кафолатли экан, жамият олдида, давлат олдида мажбуриятларимиз борлигини ҳам эътибордан соқит қилолмаймиз. Инчунин, янгиланаётган Қомусимизда бу ҳақда алоҳида боб мавжуд. XI бобнинг 59, 60, 61, 62, 63, 64-моддаларида мажбуриятларимиз аниқ ифодалаб берилган. "Барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларни бажарадилар" (59-модда) дейилиши бурчларимиз – фарздорлигимиз эканини англатади. Яъни ҳаммамиз учун фарз амаллар, жумладан қуйидагича баён этилган:

– Фуқаролар Ўзбекистон хал­қининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт.

– Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.

– Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт.

– Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.

Ватан ва халқни севиш – иймондандир, деган уқтирги ҳар биримизни доимо ҳушёр тортириши керак. Биз ўз бурчимизни ҳалол ва фаол бажарсак, ўз бурч­ларимизга садоқатни саодат деб тушунсак – Янги Ўзбекистонга муносиб инсон мақомига кўтариламиз. Қалбида Ватан туйғуси теранлашган инсонга лоқайдлик мутлақо ёт. У эл-юртининг бугуни ва эртаси учун чин кўнгилдан кеча-кундуз қайғуришни ҳар доим олий вазифа сифатида англашга одатланади. Ҳақдорлигидан фарздорлигини асло кам кўрмайди.

Зеро, ҳар иккиси – ҳаёт тарозисининг икки палласидир.

Зеро, ҳар иккиси – бизни жамият аъзоси сифатида жамиятга, давлат фуқароси сифатида давлатга муносабатимиз мезонини белгилайди.

Зеро, ҳар иккиси – жамият тараққиёти таянчи ҳисобланади.

Зеро, ҳар иккиси – саъй-ҳаракатимизга қараб, ҳаётдаги ижтимоий фаоллигимиз баҳоланишига асос яратади.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Турон фанлар академияси академиги.