Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилган "Саломатлик сайиллари" ойлиги вилоятимизда ҳам уюшқоқлик билан ташкилланди. Республика ва вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг таниқли шифокорлари Янгиқўрғонда бўлдилар. Улар кун бўйи туман марказидаги "Экопарк"да аҳолига тиббий хизмат кўрсатишди.
– Вилоятимизда жорий йил 30 мартдан 20 апрелгача 14 та туман ва шаҳарда республикадан жалб қилинган 18 нафар нуфузли мутахассислар, шунингдек, вилоят шифохоналари вакиллари ҳамда шаҳар, туман тиббий бригада ва маҳаллий тиббиёт ходимлари иштирокида профилактик тиббий кўриклар, скрининг дастурлари ва соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилиши режалаштирилган эди, – дейди Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жамоат саломатлиги маркази ходими Дилором Маматхонова.
– Тегишли жадвалга асосан ушбу акцияда ҳудудда яшовчи болалар, аёллар, катта ёшли аҳоли вакиллари республикадан келган мутахассислар ҳамда маҳаллий шифокорлар иштирокида профилактик тиббий кўрик ҳамда скринингдан ўтказилди. Жумладан, биргина Янгиқўрғонда 1855 нафарга яқин аҳоли тиббий текширувдан ўтказилиб, 1601 нафар кишида турли хасталиклар аниқланди. Шундан 1513 нафар беморга амбулатор муолажалар тавсия этилди, 53 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, сурункали касаллиги бор хастаҳолни ҳудуднинг ўзида белгиланган тартибда юқори технологик муолажалар орқали соғломлаштириш чоралари кўрилди. 88 нафар эҳтиёжманд беморларга эса саломатлигини тиклаш учун республика ва вилоят даволаш муассасаларига йўлланмалар берилди.
"Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" умуммиллий ҳаракатига оид тарғибот ишлари ҳам олиб борилди. "Саломатлик сайли" иштирокчиларининг соғлом овқатланишга оид тушунчалари бойитилди. Аҳолининг ёш гуруҳларига мос келадиган ва саломатлик ҳолатини инобатга олган ҳолда ҳар бир хавф гуруҳига алоҳида-алоҳида соғлом овқатланишга қаратилган тавсиялар берилди.
Бундан мақсад аҳолининг тўғри овқатланиш характерига эга бўлишига ва соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришига ҳамда нотўғри овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олишга эришилади.