Алишер Навоий номидаги вилоят театри тиббиёт ходимлари билан гавжумлашди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасалар, Наманган шаҳар, Давлатобод, Янги Наманган туманлари тиббиёт бирлашмаларида фаолият юритаётган фидоий шифокорлар, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимлари ҳамда маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари вакиллари билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовнинг учрашуви ташкилланди.

Учрашувда А. Иминов барча йиғилганларни кириб келаётган Ийд Рамазон айёми билан қутлади. Шунингдек, барчани жорий йил 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси референдумида фаол қатнашишга даъват қилди.

– Вилоятимиз ёшлари билан учрашиш, яқиндан мулоқотда бўлиш ҳамда уларнинг муаммоларига ўз вақтида ижобий ечим топиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди ўз сўзида давом этиб бош­қарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов. – Бу борада биз раҳбарлар зиммасига катта вазифалар юкланмоқда. Жумладан, менинг ўзимга 87 нафар ёшлар бириктирилган. Мана, бугундан бошлаб улар билан учрашиб, талаб ва истакларини ўрганишга астойдил киришяпмиз. Йил давомида раҳбар сифатида изчил иш олиб борамиз. Тизимдаги бошқа катта-кичик раҳбарлар ҳам атрофларидаги ёшларга раҳнамоликни табора кучайтиришларини таъминлаймиз. Мамлакатимиз тараққиётига ҳар бир навқирон авлод вакили муносиб ҳисса қўшиши учун чин дилдан кўмаклашамиз. Бугун эса Сизларга аталган концерт дастури ва спектакль намойиш этилади. Маданий ҳордиқ чиқариб, бўш вақтларингизни хуш вақтга айлантиришларингиз учун навбатдаги имкониятни яратяпмиз.

Референдум олдидан вилоятимизда ўтказилаётган, шунингдек, Наманган шаҳри ва Давлатобод, Янги Наманган туманларида уч кундан буён Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг малакали мутахассислари иштирокида ташкилланган тиббий кўриклар халқимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, А.Иминов тадбир иштирокчиларини "Бизнинг овозимиз – бизнинг танловимиз" шиори референдум кунида ғоят катта аҳамият касб этишини айтиб, муҳим сиёсий жараёнда оила аъзолари, қўни-қўшни, маҳалла-кўйлари билан биргаликда юқори кайфиятда фаол иштирок этишга чақирди.

Шундан кейин вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари Ҳамиджон Маллабоев, Аъзамжон Болтабоев, Азизбек Абдуллоҳларнинг она юрт, севги-муҳаббатни мадҳ этиб куйлаган қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Сўнгра драматург Нурилло Аббосхон қаламига мансуб "Азиз" спектакли намойиш қилинди.