Халқимиз мамлакатимизда "Инсон қадри учун" эзгу ғояси атрофида бирлашиб, юксак мақсад – янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида собитқадамлик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ва жадал ислоҳотларни ҳар томонлама қўлаб-қувватламоқда.
Жорий йил 30 апрель куни "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми бўлиб ўтади.
Конституциявий ислоҳотлар мамлакатимизнинг барча жабҳаларида қилинаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратиш, инсон шаъни ва қадр-қимматини қонун даражасида таъминлаш ҳамда асосий қонунимизни жамиятдаги ислоҳотларга мослаштиришда муҳим ҳодиса ҳисобланади.
Бугун ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида туб ўзгаришлар бўлмоқда. Шундай шароитда ижтимоий, иқтисодиёт, маданият ва барча соҳаларда муҳим янгиланишларга бефарқ бўлмаслик ҳар бир инсоннинг ўз Ватани олдидаги муқаддас бурчидир.
Сўнгги йилларда ёшлар учун уларнинг сифатли таълим олиб, етук кадрлар бўлиб етишишларига кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунга монанд тарзда улар томонидан эришилаётган ютуқлар салмоғи ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда имкониятлардан нафақат ҳозирги, балки келгуси авлодларимиз ҳам фойдаланиши учун уларни Конституциявий нормалар билан белгилаб қўйиш лозим. Қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартишларда, жумладан, Конституциямизнинг 51-моддасида қуйидагилар ўз ифодасини топган:
"Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли.
Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга".
Ушбу ва шу каби киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар пойдевори эканидан далолат беради.
Янгиланаётган Конституция нафақат бугунги, балки келгуси авлод манфаатларига тўла хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бўлажак референдумда ҳар биримиз иштирок этиб, ўз фуқаролик бурчимизни фаол адо этамиз.
Гулчеҳра ҚАЮМОВА,
Наманган саноат техникуми директори,
"Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси.