Айни кунларда мамлакатимизда бўлажак муҳим сиёсий жараён олдидан турли тарғибот тадбирлари авж олган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ташкилланган навбатдаги ҳуқуқий анжуман ҳам жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республкаси референдумига бағишланди. Унга филиал жамоаси, вилоят соғлиқни сақлаш тизимига қарашли тиббиёт муассасалари ҳамда 2-тиббиёт коллежи вакиллари таклиф этилди.
Анжуманни РШТЁИМ Наманган филиали директори Аброржон Алижонов кириш сўзи билан очди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти хусусида маъруза қилди.
Нотиқ Асосий қонун лойиҳасининг яратилиши, унда акс эттирилган ҳуқуқий нормаларнинг аҳамияти ҳақида батафсил тушунча берди. Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида янада тараққий этишидаги роли масаласига тўхталди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Маҳмуджон Парпиев, Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоиловлар ҳам янгиланаётган Конституция ҳақидаги қонун лойиҳасида қайд этилган мақсад ва вазифаларни атрофлича изоҳлаб бердилар.
Учрашув ниҳоясида тиббиёт ходимлари Конституциявий қонун лойиҳаси тарғиботида фаоллик кўрсатишга чорланди.