Маълумки, жамиятдаги ўзгаришлар билан боғлиқ жараёнларда, шу жумладан, қонунчиликни такомиллаштиришда кенг жамоатчиликнинг иштироки муҳим мезонлардан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда "Ўзбекистон Республикаси Конституция­си тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг лойиҳаси ҳам умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиб, Конституциявий қонун лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага оширилмоқди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортмоқда ва халқимиз таклифлари асосида янгиланмоқда.

Таъкидлаш лозимки, янгиланаётган Конституция давлатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, айниқса, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. Шу боис, Конституциявий қонун ло­йиҳасида назарда тутилаётган нормаларнинг салмоқли қисми инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда унинг кафолатларига тааллуқлидир.

Малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи – фуқароларнинг ана шундай ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Албатта, ҳар бир инсон туғилганидан бошлаб умрининг охирига қадар бир неча бор ушбу хизматдан фойдаланишига тўғри келиши барчамизга маълум. Фуқаролар соғлиги муҳофазаси, уларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи Бош қомус даражасида кафолатланиши муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, амалдаги Конституциямизнинг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган эди.

Конституциявий қонун лойиҳасида эса фуқароларнинг музкур ҳуқуқларининг конституция­вий кафолати янада кенгаймоқда. Аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар миқдори 4 баробарга кўпайтирилиб, ҳар ким соғлигининг муҳофаза қилиниши ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли эканлиги, давлат соғ­лиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шакл­ларини, тиббий суғуртанинг турли шакл­ларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўриши, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб ўтилмоқда.

Давлат ўз фуқароларининг моддий аҳволидан қатъи назар кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан қамраб олинишини Бош қомус даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши фуқароларнинг, айниқса, моддий аҳволи яхши бўлмаганларнинг соғлиғини сақлашга давлат ғамхўрлик қилишдан тўхтамаслигини англатади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур нормаларнинг қабул қилиниши билан жорий йилда "Кафолатланган хизматлар пакети" қайта кўриб чиқилиб, унда 20 турдаги касалликлар бўйича диагностика, даволаш ва профилактика хизматлари ҳажми тўлиқ қамраб олинади. Шунингдек, кўп учрайдиган 20 турдаги касалликлар бўйича бирламчи бўғиндаги бепул таҳлил турлари 15 тадан 25 тагача, текширувлар 10 тадан 20 тагача, дорилар 64 тадан 90 тага оширилади.

Таъкидлаш керакки, кафолатланган тиббий ёрдамга оид норманинг белгиланиши аҳоли ўртасида оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Бундан ташқари, янги норма орқали тиббиётнинг нодавлат шаклларини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиш ишлари янада яхшиланади.

Эътиборли жиҳати, бу каби нормаларни ишлаб чиқишда хал­қаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари билан бир қаторда минглаб фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, тиббиёт ходимларининг таклифлари инобатга олинган.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда жамиятнинг ҳар бир жабҳаси, кундалик ҳаётимиз Конс­титуциямизда белгиланган меъёрлар билан узвий боғлиқдир. Унга киритилаётган юқоридаги каби ўзгартиришлар эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини кафолатланиши, шу жумладан, аҳоли саломатлигини таъминлаш Бош қомус даражасида мустаҳкамланаётганлиги билан биргаликда давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигидан далолат беради.

Орифжон ИБРОҲИМОВ,

вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси.