Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мажлислар залида ҳуқуқий мавзуда йиғилиш ўтказилди.Унга вилоят тиббиёт жамоатчилиги вакиллари таклиф этилди.
Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов олиб борди. У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказилиши ҳақида тўхталиб, Асосий Қонунга киритилаётган ўзгартишларга эътиборни қаратди.
Вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Орифжон Иброҳимов кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди. Нотиқнинг қайд этишича, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаси ўтказилиб, уни такомиллаштириш бўйича 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган ва уларнинг ҳар тўрттадан биттаси лойиҳадан ўрин олган. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалар ҳажми 65 фоизга ошди.
Ўзбекистон давлатининг ҳуқуқий мақоми бўйича қатъий нормалар киритилмоқда. Илк маротаба Конституцияда Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлат эканлиги ўзгармас қоида сифатида мустаҳкамланмоқда. Ушбу қоида жонажон ватанимиз мустақиллигини асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, "Инсон қадри учун" тамойилига асосланган ислоҳотларни жадал давом эттириш ҳамда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга қаратилган.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори Солижон Мўминов "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси" умумхалқ муҳокамаси жараёнлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмаганлиги ҳақида фикр юритди ва Конституциявий қонун лойиҳаси "Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар" бобидаги 48-модда хусусида гапирди.
Мазкур моддада қайд этилганидек, "Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.
Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади".
Йиғилишда янгиланаётган конституциянинг муҳим жиҳатлари ва аҳамияти ҳусусида батафсил маълумот берилди. Бундай тарғибот йиғилишлари келгусида барча тиббиёт муассасаларида ўтказилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим мудири Рашид Қурбонов тадбирда иштирок эди ва кун тартибидаги масала юзасидан тегишли тавсияларини берди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.