Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуаси ҳовлиси бу гал тиббиёт ходимлари билан гавжум бўлди. Саломатлик посбонлари мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси референдуми олдидан ўтказилган кўп кишилик акцияда фаол иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шокиржон Ҳайдаров яқин ўтмишда юзага келган қийинчиликлар, шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари турли мавсумий ишларга жалб қилиниши оқибатида чекилган машаққатлар, кейинги йилларда соҳада кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайиб, тиббиёт ходимларининг мавқеи кўтарилганлиги хусусида фахрланиб гапирди. Янгиланаётган конституция лойиҳасининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Мазкур ҳужжатнинг 48-моддаси аҳоли саломатлигини ишончли ва малакали муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишни кафолатлаши ҳақида фикр юритди.
Вилоят адлия бошқармасининг ҳуқуқий ахборот бўйича бош маслаҳатчиси Аҳроржон Файзуллаев "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил тушунчалар берди.
Тадбир қатнашчилари барчани жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга даъват қилдилар.