Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов Республика "Пахталикўл" фтизиатрия ва пульмонология тиббий реабилитация марказига ташриф буюрди. Ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, даволаш самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар билан танишди. Муассаса маданият марказида сиҳатгоҳ жамоаси ва бу ерда саломатлигини тиклаётган бир гуруҳ даволанувчилар билан учрашди.
А. Иминов барчани ўлкамизга кириб келган баҳор айёми – Наврўзи олам билан қутлади. Дилидаги эзгу ниятларини баён этди.
Суҳбат давомида республикамизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқ бахту саодати йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар хусусида фикр юритилди. Бинобарин, мамлакатимиз яна бир муҳим сиёсий жараён арафасида турганлиги таъкидланди. Жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси референдуми ҳақида батафсил тўхталди.
Маълумки, мазкур референдумда "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича овоз берилади. Нотиқ Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида фикр юритди.
"Инсон қадри учун" тамойилига асосланган ислоҳотлар келгусида жадал давом эттирилиши таъкидланди. Лойиҳада аҳоли соғлиғини сақлашнинг конституциявий асослари мустаҳкамланаётганлиги ўз аксини топган. Аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайганлигига, хусусан, илк маротаба ҳар бир инсоннинг соғлиғини сақлаш ҳамда аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи Конституция даражасида эътироф этилаётганлигига эътибор қаратилди.
Учрашувда сирдарёлик даволанувчи Турғунбой Алиев, андижонлик Турсуной Маҳмудова, Адолатхон Ғозиева ва бошқалар сўзга чиқишиб, эл соғлиғини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлардан аҳоли мамнун эканлигини, мазкур сиҳатгоҳда яратилган шароитларни бунинг тасдиғи сифатида кўрсатиш мумкинлигини айтишди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.