ёхуд кардиолог врачлар юрак хасталари ҳузурида

Ҳаётнинг ўзи янгича дунёқараш билан янгича услубда ишлашни тақозо этаётган бир шароитда саломатлик посбонлари бесабаб олқишларга сазовор бўлишмаяпти. Бир неча кун Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бир гуруҳ мутахассислари марказнинг Наманган филиалидаги ҳамкасблари билан бирга вилоятимиз туманларида юришди. Ташрифдан мақсад юрак хасталигига чалинган беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга тиббий маслаҳатлар бериш, зарур бўлса, зудлик билан даволаш чора-тадбирларини белгилаш эди. Даставвал Наманган туманида фаолият олиб боришган бўлса, кейин Поп туманига ўтишди.

Марказ директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Анвар Каримов, кардиолог Равшан Ўришбоев, интервенцион кардиохирур Марат Ариповларнинг қабулига кирган ўнлаб дард­мандлар ўзлари учун ғоят фойдали тиббий тавсиялар олишди.

– Сурункали стенокардиядан қийналиб келардим, юқори малакали мутахассислар энг зарур дори-дармонларни тавсия этишди, – дейди пенсионер Анастасия Гурницкая. – Энг муҳими, даволанишни давом эттириб, касаллик хуружидан бутунлай қутилишимга умид уйғотишди. Яхшиям қабулга келганим, руҳим кўтарилди. Соғайишимнинг ўзимга боғлиқ жиҳатларигача янада тўлароқ билим олдим.

– Юрагим оғриб, кўп дард чеккандим, ниҳоят Наманганда юрак қон томиримга стенд қўйдиргандим, – дейди 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Икромжон Мирзаев. – Бугун эса тошкентлик олим-шифокорларга учрадим, жуда керакли маслаҳатлар беришди. Узоғим яқин бўлганидан беҳад хурсандман.

Кардиологлар гуруҳи фақат туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида хизмат кўрсатиш билан кифояланиб қолишмади. Қишлоғу маҳаллаларгача уларнинг қадамлари етди. Айниқса Сангдаги 21-оилавий поликлиникадаги учта хона улар учун ажратиб қўйилгани айни муддао бўлди. Воҳиджон Турдиев, Мухторжон Зокиров, Орифжон Қосимов, Бахтиёр Азимов ва Умида Ҳамроқуловалар даво истовчиларни навбатма-навбат тиббий кўрикдан ўтказишди, дарду хасратларини тинглашди. Қийнаб келаётган касалликлардан фориғ этувчи йўл-йўриқлар кўрсатишди.

– Барча кардиологларга, айниқса Умида Ҳамроқуловага жон куйдириб зарур маслаҳатларини аямаганликлари учун минг раҳмат! – деди бемор Азиза Султонова. – Берлиприл, бисопролол ва кардиомагнил каби дориларни ичиб юришни тавсия қилишди. Хурсанд бўлганимнинг сабаби вақтида учрабман. Энди шифокор маслаҳатига қатъий амал қилиб борсам, инсульт ва инфарктнинг олдини олишга эришар эканман. Ўз саломатлигига бепарволик ва лоқайдликнинг оқибати уқубатли кечиши мумкинлигини бугун чуқур англаб етдим.

Бемор Шарифбой Юнусов сал кам етмиш ёшда стенокардия эканлиги аниқланди. Лекин буни Наманганнинг ўзида даволаш мумкинлиги айтилди. Шу ернинг ўзида вилоят кардиология марказига йўлланма ёзилди.

Попликлар учун шифокорларнинг бу галги ташрифи ғоят сернаф бўлди. Ҳар бир дардманд­нинг ўз саломатлигини тиклашига умид ва ишончи янада мустаҳкамланди.

Содиқ САЙҲУН.