Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ҳузурига ҳафтанинг ҳар пайшанба куни фуқаролар турли масалаларда мурожаат билан келишади. Кимдир фарзанди оғир дардга йўлиққани учун уни нуфузли шифохонада, яна кимдир онасини пойтахт клиникаларида даволатиш истагида. Мутасаддилар имкон қадар муаммоли масалаларни ижобий ҳал этиш чораларини белгилайдилар, зарур ёрдам кўрсатадилар.
Уйчи тумани Янгиҳаёт МФЙда яшовчи Нуриддин ота Турсуновнинг ташрифидан мақсад эса ўзининг ҳаёт мактабини ёшларга ўргатишдан иборат эди.
Шукроналик ҳисси юз-кўзларида балққан нуроний отахон билан суҳбатлашарканмиз, у кишининг ҳаёт йўллари ҳақиқатдан ёшларга ибрат бўлишга арзигулик эканига ишонч ҳосил қилдик..
– Айни навқирон чоғимда Уйчи туман марказий касалхонаси тез тиббий ёрдам бўлимида ҳайдовчи бўлиб ишладим, – дейди Нуриддин ота. – Бир кун ишлаб, икки кун дам олар эдик. Дам олган кунларимиз туман касалхонаси қурилаётгани учун ўз ихтиёримиз билан ғишт ташигани борардик. Қурувчиларга ёрдамлашардик. Бунинг учун ҳеч қандай маблағ сўрамаганмиз. Касалхона қурилишига ҳиссамиз қўшилаётганидан мамнун бўлганмиз. Ҳозирги ёшларнинг баъзилари ишхонаси атрофини супуриб-сидиришни ёки кўчат экиб, ободонлаштиришни ҳам малол олишади. Шу ишга ҳисса қўшгин десанг, дарҳол ижтимоий тармоққа жойлашга ҳаракат қиладилар. Шундай ёшларимизга айтган бўлардимки, ватан ободлиги учун жон куйдиринглар, болаларим, меҳнат қилган элда азиз бўлади, ҳеч қачон кам бўлмайди.
Нуриддин ота суҳбатимиз давомида тиббиёт ходимлари тўғрисида ҳам илиқ сўзларни гапирди. Ўша вақтдаги шифокорлар Тожибой Мусашайхов, Абдухалил Жалилов, Зокиржон Шоқаламов, Раънохон Жўраеваларнинг номларини чуқур ҳурмат билан тилга олди.
– Ҳайдовчилик касби ҳам осон эмас, – сўзида давом этади отахон. – Шифокор бемор ҳаёти учун масъул бўлса, ҳайдовчи шифокор, фельдшер ва бемор ҳаёти учун жавобгар. Қизилровот участка шифохонаси "Тез ёрдами"да ҳайдовчилик қилган чоғимда Учқўрғоннинг чегара ҳудудидан то Норин дарёси атрофларигача қатнаганман. У пайтлар бугунгидек машиналар қаерда эди. Битта "Тез ёрдам" машинасида кунда 50-100 нафар беморга чақириққа борардик. Ҳозиргидай шароитлар асло бўлмаган. Ҳатто, оғир аҳволдаги беморларни ташиш учун замбил ҳам йўқ эди. Юролмайдиган беморларни елкамизга опичлаб кўтариб, врач ва фельдшерларга ёрдам берардик.
Ҳайдовчи қоидани бузмаслиги керак. Ҳаёти хавф остидаги беморга зудлик билан тиббий ёрдам керак бўлганда, ёрдам сиренасини чалардик. Ҳурмат билан бизга йўл беришарди, ҳайдовчилар. Афсуски, ҳозир айрим ҳайдовчиларнинг "Тез ёрдам" машинасига ҳам йўл бермаслиги жуда ачинарли.
"Сабр қилсанг, ғўрадан ҳалво битур". Отахоннинг шиори сабр ва қаноат. Ҳаётда шу икки сўзгагина амал қилган қариянинг газета-журналларни кўзойнаксиз ўқиши, чин дилдан инсонларга яхшилик қилиши, балки умри узунлигининг сабабчи ҳамдир. Ҳар қандай меҳнат машаққатларидан чекинмаганлиги, халқимизга қилган хизматлари таҳсинга лойиқ.
Уйчи тумани "Нуронийлар кенгаши" маслаҳатчиси Нуриддин отанинг "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 30 йил" эсдалик нишони билан тақдирлангани бежиз эмас. Маҳалла фаоли имкон қадар одамларга яхшиликни кўзлайди. Фақат ўз ташвиши билан эмас, одамлар ташвиши билан ҳам мазмунли умр кечиради. Отахонни тез-тез туман ҳокимлигига чорлаб, маслаҳат олиб туришлари сабаби ҳам шундан.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида кичкина Нуриддин болаликнинг беғубор дамларини ҳис қилолмаган. Урушга кетган отасининг ўрнини босиб рўзғор ташвиши билан яшаган. Бир кафт буғдой учун тонг саҳардан кун ботгунча далада қўш ҳайдаганларини эслаб, бугун отахоннинг кўзлари беихтиёр намланади.
– Ўшанда 6 ёшда эдим, – дейди у. – "Нон", "нон" дея очлик туфайли ўлаётганган не-не одамларни учратганмиз. Биз кўрган уруш азобларини, йўқчилик кунларни асло набираларимиз, эвара-чевараларимиз, ҳеч ким кўрмасин. Бугунги тинч, осуда, фаровон кунлар қадрига етишса, шукрини қилишса деймиз...
Бугун ёшларга Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган шароит ва имкониятларни кўриб, отахоннинг жуда-жуда ҳаваси келади. Айниқса, тиббиёт тизимидаги ислоҳотлардан жудаям мамнун.
Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси "Тез тиббий ёрдам" бўлимида 10 йил, Қизилровот участка шифохонасида 30 йил ҳайдовчи бўлиб хизмат қилган, беморларга биринчи ёрдам кўрсатган шифокору фельдшерларни манзилларига соғ-саломат, бехатар, бешикаст етказган Нуриддин ота 83 баҳорни қарши олдилар. Шоир айтганидек: "Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор". Дориломон дамларга соғу саломат етиб келган отахоннинг умрлари янада зиёда бўлсин, деймиз.
Манзура ЭРГАШЕВА.