Бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам давлат тиббий суғуртаси механизмларини татбиқ этишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Янги шароитда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда ҳар бир саломатлик посбонининг зиммасига юклатилган аниқ вазифа бор. Матбуот орқали бу ҳақда батафсил тушунчалар бериб боряпмиз. Хўш, "Тиббий бригада"нинг амалиётчи ҳамшираси қандай фаолият кўрсатади?
Маълумки, давлат тиббий суғуртаси тизими фаолиятини йўлга қўйишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ўрни катта. Яъни бу шароитда ҳар 2000 нафар аҳоли ҳисобига биттадан тиббий бригада хизмат кўрсатади.
Тиббий бригада оилавий шифокор, икки нафар патронаж ҳамшираси, амалиётчи ҳамшира ва доядан иборат. Янги механизм ҳамшираларнинг мустақил фаолият олиб боришига, вазифаларини кенгайтиришга, беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга шароит яратади. Тиббий бригада таркибидаги патронаж ҳамширалари бириктирилган аҳолига режага мувофиқ касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини ташкилласалар, амалиётчи ҳамшира беморни мустақил қабул қилиш, унга маслаҳат бериш ва ўқитиш, шифокор олди кўригини ўтказиш ишларини амалга оширади, доя эса аёллар, ҳомладорлар, туққан аёллар ва уларнинг оила аъзоларига маслаҳат бериб бориш вазифасини бажаради.
Бу жараёнлар эса ишни тўғри тақсимлаш, хизмат самарадорлигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтиришга, касалликларнинг олдини олишга, қабулга келган беморлар учун қулайликлар яратилишига имкон яратади. Беморлар оилавий шифокор қабулида бўлгунча барча текширувлар амалиётчи ҳамшира иштирокида ўтказилади.
Амалиётчи ҳамшира қуйидаги вазифаларни амалга оширади: аҳолини мустақил қабул қилиш, беморларга маслаҳат бериш ва ўқитиш, 40 ёш ва ундан катта аҳоли ўртасида юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омили бўйича скрининг ўтказиш, 10 йил ичида ЮҚТК хавф эҳтимолини бирламчи аниқлаш ва оилавий шифокорга юбориш, беморларни шифокор олди кўригидан ўтказиш, сўраб суриштириш, атропометрия кўрсаткичлари, бўй индекси, қон босими, нафас сони, пульс, тана ҳароратини ўлчаш, ЭКГ, пикфлоуметрия кабилар.
Бундан ташқари сурункали касалликлари бўлган беморлар кузатуви: шифокорлар маслаҳатига риоя этиш ва текширувлардан ўз вақтида ўтишни назорат қилиш, имконияти чекланган беморлар, ногиронлар, кексалар ва қарияларга мақсадли патронажни оила ҳамшираси билан ҳамкорликда олиб боришни таъминлайди.
Шифокорларгача бўлган ёрдамни кўрсатиш ҳам унинг муҳим вазифаси ҳисобланади. 5 ёшгача болаларнинг ўсиш ва ривожланиши скринингини ўтказиш, психомотор ривожланишдаги бузилишлар, озиқланишни бузилиши, чаноқ-сон бўғими дисплазияси, бўйин қийшиқлиги, ясси оёқлилик, сколиозни аниқлашга ҳам масъул.
Болалар касалликларини даволашда ҳамширалик протоколларини қўллаш, шифокор тавсияларини бажарилиши, текширувдан ўз вақтида ўтишни назорат қилиш диққат марказида бўлади. Болалар, ўсмирларнинг ота-оналарига маслаҳат бериш ва уларни ўқитиш, соғлом ва бемор болалар парвариши ҳам унинг назоратида туради.
Беморларни врач олди қабулини ташкил қилиш: кўрик антропометрия кўрсаткичлари, ВБИ, қон босими, нафас, пульс,тана ҳароратини ўлчаш ва болаларни амбулатор тиббий картасида расмийлаштириш, ҳамширалик жараёнини юритишга шахсан масъулдир. Бундан ташқари шикастланиш, заҳарланиш ва ўткир ҳолатларда шифокорларгача бўлган ёрдам кўрсатиш, уюшмаган болалар учун ҳар ойлик профилактик эмлашлар режасини ишлаб чиқиш, ҳужжатлар ва ҳисобот устида ишлаш, ўз билим ва кўникмаларини доимий равишда такомиллаштириш, фаолиятини таҳлил қилиб бориш каби вазифаларни амалга оширади.
Кўриниб турибдики, амалиётчи ҳамшира тиббий бригадада етакчи вазифасини адо этади.Унинг қанчалар самарали фаолият кўрсатиши ҳудудда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Мухторжон ЖЎРАБОЕВ,
Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳудудий
бош мутахассиси.