Наманган туманида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишда маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликни кучайтириш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди. Унга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бош ҳамширалари таклиф этилди.
Ибрат маҳалла фуқаролар йиғини биноси гўёки бирламчи тиббиёт масканига айланди. Тиббий тарғибот воситаларида соғлом турмуш тарзини шакллантириш масаласига урғу берилган бўлса, шифокор ва ҳамширалар аҳоли саломатлик даражасини аниқлаш мақсадида барчани тиббий кўрикка чорладилар. Оила экокартаси воситасида хонадонлардаги саломатлик кўрсаткичларини таққослаш ва баҳолашни қандай олиб бориш лозимлиги кўрсатилди.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Қодиров анжуманни очар экан, маҳаллаларда соғлом турмуш тарғиботи борасида амалга оширилаётган ибратли ишлар ҳақида фикр юритди. Вилоят ҳокимлиги масъул ходими Раҳмонжон Абдуллаев аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ўстириш, жумладан, маҳаллаларда патронаж ишларини янада яхшилаш билан боғлиқ вазифаларни таъкидлади.
Ибрат маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собитхон Хўжахонов, ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансуровалар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини юксалтириш, оилаларда соғлом турмуш тарғиботини кучайтириш борасида олиб борилаётган эътиборга лойиқ ишлар ва бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини баён этдилар.
Семинар қатнашчилари шу куни гуруҳларга бўлиниб, хонадонларга ташриф буюрдилар. Ўрта тиббиёт ходимлари амалга ошираётган патронаж ишларини кўздан кечирдилар. Мулоқотлар чоғида фаолиятни янада кучайтириш юзасидан фикрлашиб олинди.
Анжуман давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ, аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилиши арафасида ташкилланганлиги билан янада аҳамиятлидир.