Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида шу мавзуга бағишланган илмий анжуман ўтказилди. Республика Травматолог ва ортопедлар илмий жамияти ва Тиббиёт ходимлари касбий малакасини ривожлантириш маркази травматология ва ортопедия кафедраси томонидан ташкилланган мазкур тадбирда вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган мутахассислар соҳага оид янгиликлар билан танишдилар.
Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда бу каби анжуманларда тўпланган тажрибалар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Травматолог ва ортопедлар илмий жамияти аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Искандар Ходжанов мазкур илмий-амалий анжуманнинг мақсад ва вазифлари хусусида фикр юритди.
Тадбир кун тартибига кўра илмий маърузалар тингланди. "Умуртқа поғонаси асоратланган синишларини даволаш" ва бошқа мавзулардаги маърузаларда тиббиёт соҳаси етакчи олим ва мутахассислари илмий изланишлар натижалари ва уларни амалиётда қўллаш тажрибалари хусусида фикр юритишди. Ҳиндистонлик доктор Ракшид Сенаговданинг "Елка ва тизза аъзолари артроскопияси ҳақида"ги маърузаси барчада қизиқиш уйғотди.
– Ҳамкорлигимиз қамрови кенгаяётганидан мамнунмиз. Аҳолига юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш кўлами ҳам ортмоқда. Артроскопия йўналиши тиббиётда янги соҳа бўлиб, унинг имкониятларидан Ўзбекистонда ҳам кенг фойдаланилмоқда, – дейди ҳинд мутахассиси.
Смуляцион марказда муляжда чаноқ сон бўғими протез қўйиш технологияси намойиш қилинди. Куннинг иккинчи ярмида эса чаноқ сон бўғимини тотал эндопротезлаш ва артроскопия каби юқори технологик жарроҳлик амалиётлари "маҳорат дарси" сифатида кўрсатиб берилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.