Мамлакатимизда сил касалликларига қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Чунки, унинг юқумлилиги бу борада ҳам амалий, ҳам профилактик тадбирларни кучайтиришни тақозо этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январда "2023-2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида" қабул қилган қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу асосда биз вилоятимизда амалга ошириладиган ишларимизнинг аниқ "йўл харитаси"ни белгилаб олганмиз.
Жорий йилда марказимиз томонидан қуйидаги режага мувофиқ фаолият кўрсатамиз:
Туберкулёз ва респиратор касалликларининг олдини олиш борасидаги талаблардан аҳолининг доимий хабардорлигини таъминлашга эришамиз.
Жамият онгидаги салбий қарашларни бартараф этиб, сил бедаво касаллик эмаслигига эътиборни кучайтирамиз.
Маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва бириктирилган тиббиёт муассасаси ходимлари билан ҳамкорликда турар жойида 3 ойдан ортиқ бўлмаган, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни 1 ҳафта ичида скрининг текширувидан ўтказиб борилади.
Туберкулёз билан касалланган ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оналар муаммоларини тизимли ҳал этиб борамиз ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаймиз. Дорига резистент туберкулёз билан касалланган 100 нафар беморни қисқа муддатли схемалар билан даволаш мобайнида йил давомида ҳар ойда мотивацион пакетлар улашамиз. Яна психологик ёрдам бериш учун қатор тадбирларни ташкиллаймиз.
Албатта, беморни даволагандан кўра касалланишнинг олдини олиш, туберкулёз аломатларини эрта аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Ана шу мақсадда жойларда рентгенологик скрининг тадбирларини ўтказамиз. Йил мобайнида касалланиш хавф гуруҳига мансуб камида 11 минг 250 нафар болалар ва катталарни текширувлар билан қамраб оламиз. Бунинг учун рўйхатлар аниқ шакллантирилган.
Шунингдек, латент туберкулёз инфекциясини эрта ташхислаш мақсадида иммунологик скрининг тадбирларини ташкилаяпмиз.
Ўпка туберкулёзини эрта аниқлаш учун ген-молекуляр ва бактериологик усуллар қамровини ҳам ошириб боряпмиз.
Ҳозирда 35-60 ёшдагилар орасида ўпка патологияси клиник олди шаклларини эрта аниқлаш ҳаракатидамиз. Бунда ўпканинг носпецефик касалликларини барвақт аниқлаш учун марказимиз томонидан скрининг анкеталаш дастурини амалга оширишга киришяпмиз.
Даволаш самарадорлигига эришиш ҳамишалик диққат-эътиборимизда. Беморларни рўйхатга ва давога олиб, соғайтириш самарадорлигини 90 фоизга етказишга астойдил интиляпмиз. Дорига резистент туберкулёзлардан 150 нафарида даволаш самарадорлигини 75 фоизга чиқариш ниятидамиз. Латент туберкулёз инфекцияли 1500 нафар беморни рўйхатга олиб, даволаб, 95 фоиз самарали натижани қўлга киритамиз.
Кўзланган мақсадларга эришиш кадрларнинг билим ва салоҳиятига, яратилган шароитларга ва энг зарур тиббий-диагностик ҳамда даволаш аппаратларнинг мавжудлигига боғлиқлигини яхши биламиз. Йўл харитасида белгиланган 1 та ISUZU микроавтобусини харид қилиш, уни керакли тиббий ускуна ва аппаратлар билан жиҳозлаш масаласи ҳам 2023 нинг 2 ярим йиллигига режалаштирилган.
Туман ҳудудий фтизиатрия бўлимларига 12 та замонавий люминесцент микроскоплар харид қиламиз.
Ихтисослашган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами жараёнида менежмент ва бошқарув сифати тобора яхшиланади. Ҳисоботнинг ягона вертикали жорий этилади. Вилоятда ташкилланган "Инновацион масофавий ўқитиш, мониторинг ва телемедицина маркази" орқали худудларда масофавий мониторинг ва тренинглар олиб борилмоқда.
Кадрларни тайёрлаш, билим ва малака-маҳоратини юксалтириб бориш чора-тадбирларини кўряпмиз. 4 нафар ёш мутахассисларга давлат олий таълим муассасаларининг магистратура ва клиник ординатура йўналишларида бепул таълим олиш имкониятини яратиб бермоқчимиз.
Беморларни даволаш шароитларини замон талаблари даражасида бўлиши учун Учқўрғон, Норин ва Поп туманларидаги силга қарши кураш диспансерлари бино ва иншоотлари бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирланиши режага киритилган. Йил давомида зарур маблағлар ажратиб берилади, деб ишонамиз.
Президентимиз қароридаги вазифалар тўрт йилга мўлжалланган экан, олдимиздаги вазифалар масъулияти йилдан-йилга кучайиб бораверади. Фтизиатрия ва пульмонология хизмати энди муттасил ривожланади.
Ривожиддин МИНГБОЕВ,
вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази директори в.в.б.