Соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар баробарида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини юксалтириш сари муҳим қадамлар қўйилмоқда. Бинобарин, тизим тараққиётини таъминловчи омилларга алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4890-сонли Қарорида белгиланган вазифаларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида тиббий хизмат сифат ва самарадорлиги ортмоқда.

 

Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш кўлами кенгаймоқда. Жумладан, ўзини тўла оқлаган ва аҳолига қулайликлар туғдирган мазкур тизим фаолияти бу йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида ҳам босқичма-босқич йўлга қўйилиши белгиланган. Яқин орада бутун мамлакат бўйлаб давлат тиббий суғуртаси асосида тиббий хизмат кўрсатилишига ўтилиши кўзда тутилмоқда.

 

Ғоят қулай ва ўта самарали тиббий хизматни қамраб олувчи мазкур тизимга тараддуд ишлари вилоятимизда ҳам жадал олиб борилмоқда. Бу жараён кенг қамровли бўлиб, тиббиёт кадрларини давлат тиббий суғуртаси асосида хизмат кўрсатишга ўргатишдан ташқари тиббий хизмат инфратузилмасини ҳам янги механизмга мослаштиришни тақозо этади. Жумладан, тиббиёт муассасалари фаолиятида электрон хизмат миқёсини ошириш ғоят муҳим вазифалар сирасига киради. Бугун асосий диққат-эътиборни ана шу мураккаб жараёнга қаратяпмиз.

 

Бошқармада "Электрон ҳужжат алмашиш" тизими жорий этилди. Вилоятдаги 178 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси "Элек-трон поликлиника" тизимга уланган. Уларнинг моддий-техник имкониятларини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Зарур техник воситалар ўрнатиш, компьютер жамланмалари билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Қўшимча таъминланиши зарур бўлган қурилма ва воситалар рўйхати шакллантирилган.

 

Соҳани электрон хизматга ўтказиш учун тиббиёт муассасаларида Интернет тизимини тўлиқ жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун пухта режа ишлаб чиқилган ва шу асосда иш олиб борилмоқда. 4288 та компьютер жамланмаси, принтер, бошқа қурилма ва ускуналар заҳираси яратилмоқда. Ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари бирин-кетин электрон хизмат тизимига ўтказилмоқда.

 

Бу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ давлат тиббий суғуртаси тизимига ўтишга пухта тараддуд кўрилмоқда. Зиммамиздаги вазифаларни сидқидил ва юқори сифатли бажариш билан тиббий хизмат кўрсатишнинг янги механизмлари соҳада жадал татбиқ қилинишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Равшанбек ЭГАМБЕРДИЕВ,

 

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси

 

Рақамлаштириш бўлими бошлиғи.