Жорий йил 20 – 25 февраль кунлари мамлакатимизда 7 – 10 ёшдаги мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий дегельминтизациянинг 1-тури ўтказилади
Гельминтоз ер юзида энг кенг ва кўп тарқалган касаллик ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, юқумли паразитар касалликлардан бири-гельминтоз дунёда тарқалиши бўйича иккинчи ўринда туради. Аҳолининг 23,3 фоизи гижжа касаллигини юқтириб олганлиги, унинг 270 дан ортиқ тури маълумлиги ҳақида аввал ҳам маълумот бериб ўтганмиз. Улардан 40 турдагиси кишиларнинг доимий тана, органларида учрайди ва сезиларли зарарланиш ўчоқларини ҳосил қилади. Ўзбекистонда 10 – 12 хил гижжа турлари аниқланган. Наманган вилоятида эса энтеробиоз, гименолепидоз, аскаридоз, тениаринхоз, трихоцефалёз, эхинококкоз каби 6 турдаги гижжа касалликлари қайд этилган.
Гельминтозлар одамнинг амалда ҳамма органлари ва тўқималарига жойлашиб олиб, ҳаёт кечиради. Аҳолининг гижжа билан касалланиш даражасини аниқлаш мақсадида ҳар йили мамлакат аҳолисининг 35 – 40 фоизи текширувлар билан қамраб олинади, тиббий-таҳлилий ўрганишлар ўтказилади. Натижалар эса уларнинг 3,0 – 3,1 фоизи гижжа касалликлари юқтириб олганлигини кўрсатаётир. Уларнинг 90 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этмоқда. Асосан, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда таълим, тарбия олаётган фарзандларимизнинг ичак гельминтозлари ( энтеробиоз, гименолепидоз) билан зарарланиш кўрсаткичи 95 – 96 фоизга етиб бормоқда.
Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз жоизки, гельминтозлар одамнинг амалда ҳамма органларига жиддий зарар етказиши мумкин. Лекин кўп ҳолларда энг биринчи ичак, ўпка ва жигар тўқималарини жароҳатлайди. У организмда сенсибилизация қўзғатиб, кейин аллергик реакцияларни ривожлантиради. Киши органлари ва тўқималарини механик шикастлантиради ва уларнинг фаолиятини бузади. Инсон танасида озиқ-овқат моддалари, витаминлар ва минерал моддаларнинг сўрилишини ёмонлаштиради. Натижада кам қонликнинг ривожланишига олиб келади. Юқумли касалликларнинг кечишини оғирлаштиради ва уларга қарши эмлаш самарадорлигини пасайтиради. Болаларнинг жисмоний ривожланишини сусайтиради.
Иш қобилиятининг пасайиши ва ақлий фаолиятининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Беморларда иштаҳанинг пасайиши, қоринда табиатан ҳар-хил оғриқ, ич бузилиши, кўнгил айниш, бош оғриши,тишларни ғижирлатиши, инжиқлик, тунда сийиб қўйиш (энурез) кузатилиб, терининг баъзи жойларига витилигосимон (песга ўхшаш) оқ тошмалар тошади. Экзема, дерматитлар ва нейродерматитарни келтириб чиқаради. Сочнинг озиқланишини бузади, ўчоқли соч, қош,соқол тўкилишига сабаб бўлади.
Бошқа юқумли касалликлар билан касалланишга мойилликни вужудга келтиради. Иммунитетни пасайтиради, соматик (юқумсиз) касалликларнинг кечиши оғирлашади. Бундан ташқари озиш, очкўзлик, дармонсизлик каби салбий аломатлар кузатилади. Бола инжиқ табиат бўлиб, ақлий ва жисмоний равожланишдан ортда қолади. Дарсларни яхши ўзлаштира олмайди, хотира ва эслашни сусайиши, эпилепсия ҳолатлари рўй беради.
Фарзандларимиз ўртасида кенг тарқалган гижжа касалликларидан бири – энтеробиоз ва гименолепидоз деб аталади. Энтеробиоз касаллигини острица деб аталувчи паразит келтириб чиқаради. Острица – оқ рангли майда паразит бўлиб, унинг узунлиги 0.5 – 1 см етади. У одам ингичка ичагининг қуйи бўлимларида ва йўғон ичагида яшайди. Олдинги учи билан ичак деворига ёпишган ҳолатда ҳаёт кечиради. Етилган урғочилари аксари тунда, уйқу вақтида орқа чиқарув йўлидан ўрмалаб ташқарига чиқади. Чиқарув бурмасига 17 мингтагача тухум қўяди. Натижада боланинг орқа чиқарув соҳани қичишига, тишларини ғижирлатишига, безовталанишига сабаб бўлади.
Бемор анал тешиги атрофидаги терини қашиши натижасида острица тухумлари бармоқларнинг тирноқлари остига, ич кийимларга, чойшабларга сўнгра эса овқатга, ўйинчоқларга, идишларга, оғизга тушади ва ютиб юборилади. Острицаларнинг одам организмида яшаш муддати 1 – 2 ой. Лекин доимо ўз-ўзига юқтириш натижасида бир неча ойлар ва ҳатто бир неча йилларгача паразитлик қилиши мумкин.
Гименолепидоз касаллигини пакана гижжа келтириб чиқаради. У одамнинг ингичка ичагида паразитлик қилади. Гижжа тухумлари ташқарига бемор одамнинг нажаси билан ажралади. Шахсий гигиена қоидалари бузилганда тухумлар эшик дасталарига, тувакларга, ўйинчоқларга тушиши мумкин, қўлни ифлослантиради, пашшалар орқали овқатга тушади.
Гижжа касалликларининг олдини олишнинг асосий йўналишларидан бири даврий равишда гижжаларга қарши препаратлар билан даволаш ишларини олиб боришдир. Бу тадбир ўз навбатида болалар ўртасида касалланишни камайишига олиб келади. Дегельминтизация тадбирлари соғлиқни мустаҳкамлайди ва озиқ-овқат моддаларини организмда сўрилишини яхшилайди. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) болалар соғлигини мустахкамлаш ва озиқ-овқат моддаларини организмда сўрилишини яхшилаш мақсадида оммавий дегельминтизация тадбирларини ўтказилишини таклиф этади.
2021 йилда 2 – 10 ёшдаги болаларга ҳамда зарарланиши юқори бўлган мактабларда 15 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларга Альбендозол 400 мг, Мебендазол 500 мг дори воситасини тарқатиш орқали 2 турда оммавий дегельминтизация тадбирлари ўтказилиб, унда 500 минг нафардан ортиқ болалар қамраб олинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" ПҚ-5198-сон қарори асосида 2 – 10 ёшдаги болаларнинг соғлиғини яхшилаш ҳамда Республика ўрта таълим муассасаларидаги болалар ўртасида ичак гельминтози билан касалланишни камайтириш мақсадида, 2023 йил 20 – 25 февраль кунлари зарарланиш юқори бўлган мактабларда 7 – 10 ёшдаги мактаб ўқувчиларга Альбендозол 400 мг дори воситасини тарқатиш орқали оммавий дегельминтизациянинг 1-турини ўтказилиши режалаштирилди.
Бу борада Республика Соғлиқнинг сақлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг хати ва топшириғига асосан вилоятимизда ҳам пухта ҳозирлик кўрилди. Оммавий дегельминтизация тадбирларида қатнашадиган тиббиёт ва таълим мутахассислари учун семинар ташкил этилди. Уларга зарур қўлланмалар, тарғибот варақалар тарқатилди. Тадбирда зарарланиш юқори бўлган мактабларнинг 7 – 10 ёшдаги мактаб ўқувчилари тўла қамраб олиниши учун дори воситалари заҳираси яратилди.
Ҳар йили ўтказиб келинаётган бу каби тадбирлар шуни кўрсатмоқдаки, даволаш ишлари ўтказилгандан сўнг болалар ўртасида касалланиш даражаси 3 – 4 мартага камайишига эришилмоқда. Болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳамда уларнинг жисмонан бақувват ва ақлан етук бўлиб ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатаётир.
Демак, бу касалликларнинг олдини олиш учун асосан санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, яъни вақтида тирноқларни олиб туриш, алоҳида сочиқ тутиш, ички кийим ва кўрпа-ёстиқ жилдларини дазмоллаб бўлгач ишлатиш, овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювиш, хона, ҳамом, ҳожатхоналарни озода тутиш ва дезинфекцияловчи моддалар билан ишлов бериш лозим. Мева ва сабзавотларни қайнатилган сувда ювилгандан сўнгина тановвул қилиш, сувларни қайнатмасдан истеъмол қилмаслик керак.Ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт ва гўшт маҳсулотларини харид қилмаслик ва ишлатмаслик лозим. Юқоридаги айтилган тавсияларга тўла амал қилиш гижжа касаллигининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этишини асло ёдингиздан чиқарманг!
Зокиржон АБИДОВ,
Республика Соғлиқнинг сақлаш вазирлиги
ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Наманган вилоят
бошқармаси паразитология бўлими ва лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари номзоди.