Бугун вилоятимиз тиббиёти юксак суръатлар билан тараққий этмоқда. Шу жумладан, соғлиқни сақлашнинг муҳим таркибий қисми бўлган хусусий сектор Наманганда анча илгарилаб кетганлигини мамнуният билан эътироф этмоқ лозим.
"Said Unilab" МЧЖ 2021 йилдан бери амбулатор шароитда клиник лаборатория диагностикаси ихтисослиги бўйича тиббий хизмат кўрсатиб келаётган эди. Таъсисчилар ташаббуси билан етти қаватли янги бинонинг барпо этилиши туфайли хизмат кўрсатиш салмоғи ортиб ва сифати янада яхшиланди. Гинекология, УТТ, аллергология, оториноларингология, терапия, эндокринология, нефрология ва бошқа ихтисосликлари бўйича аҳолига амбулатор ва стационар хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.
Яқинда янги шифо масканининг очилиш маросими ўтказилди. Унда сўзга чиққан Наманган шаҳар ҳокими Ғофиржон Жамолов юртимизда хусусий тиббиёт ҳам жадал ривожланиб бораётганлигини таъкидлаб, тақдимоти ўтказилаётган даволаш муассасаси жамоасига халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда омадлар тилади.
– Элимизга малакали тиббий хизмат кўрсатишни мақсад қилиб олганмиз. Фаолиятни янада такомиллаштириш учун хориж тажрибасидан кенг қўлланиш ниятимиз бор. Туркия ва Ҳиндистон клиникалари билан ҳамкорлик ўрнатиб, телетиббиёт воситасида касалликларни самарали даволашга ҳаракат қиламиз, – дейди Said Shifo хусусий даволаш маскани раҳбари Мирзаикром Юсупов.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун тадбиркор томонидан 15 миллиард сўм маблағ ва 10 миллиард сўм банк кредити йўналтирилди. Қад ростлаган 80 ўринли янги шифохонада беморларга 50 нафардан ортиқ врач ва ўрта тиббиёт ходими ўндан ортиқ ихтисосликлар бўйича хизмат кўрсатади.
Тақдимот маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов иштирок этди.