Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилоят Кенгашининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши ташаббуси билан тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларининг кадрлар бўлими бошлиқлари, хавфсизлик техникаси ва меҳнат муҳофазаси мутахассислари ҳамда муассасаларнинг касаба уюшма фаоллари иштирокида янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мазмун-моҳиятини кенг оммага тарғиб қилиш ҳамда амалиётда қўллаш юзасидан ўқув-амалий семинари ўтказилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2022 йил 28 октябрдаги ЎРҚ-798-сонли Қонун билан тасдиқланди. Мазкур ҳужжат 2023 йилнинг 30 апрель кунидан қонуний кучга кириши белгилаб қўйилган.
Ушбу кодекс мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш борасида Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилайди.
Семинарни тармоқ кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев олиб борди. У янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси амалдаги Меҳнат кодексидан тубдан фарқ қилиши, янги бўлим ва моддалар билан бойитилганлиги, меҳнат қонунчилиги доирасида қонун ва қонун ости ҳужжатларида белгиланган қоидалар, талаблар ҳамда меъёрларга бирмунча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, айрим меъёрлар олиб ташланганлиги ёхуд моддалар қўшимчалар билан бойитилганлиги ҳақида сўз юритди. Иш берувчи ҳамда касаба уюшмаси ўртасида тузиладиган жамоа шартномалари орқали соҳа ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлаш, нафлилигини ошириш бўйича тушунчалар берди.
Шунингдек, семинарда "Янги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти, амалиётга тадбиқ этиш чора-тадбирлари ҳақида" меҳнат-ҳуқуқ инспектори А. Реджапов, "Янги Меҳнат кодексида белгиланган хавфсизлик техникаси – меҳнат муҳофазаси ҳамда қулай ва хавфсиз шароитларни яратишдаги меъёр ва қўшимчаларга киритилган ўзгартиришлар тўғрисида" вилоят меҳнат-техник инспектори С. Ғоибовлар маъруза қилдилар.
Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олдилар.
Манзура ЭРГАШЕВА.