Давлатобод туманидаги Маданият саройида вилоят тиббиёти фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов соҳа ишини янги босқичга кўтариш борасидаги муҳим вазифалар ҳақида маъруза қилди.
Вазир тизим ишини янада яхшилаш, аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббий хизматдан фуқаролар рози бўлишига эришиш учун амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга эътиборни қаратди. Соҳа ишини янги босқичга кўтариш учун жорий этилаётган янгиликлар хусусида фикр юритди.
Танқидий руҳда кечган йиғилишда фаолиятга оид айрим камчилик ва нуқсонлар ҳам тилга олинди. Аҳолини ранжитаётган, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган масалаларга эътибор қаратилди. Бирламчи тизим, оналик ва болалик муҳофазасига тааллуқли муаммолар кўрсатиб ўтилди. Айниқса, аҳолининг норозилиги ифодаланган ариза ва шикоятлари сони оз эмаслиги танқид қилинди.
Йиғилишда иштирок этган журналист ва блогерлар тиббиёт соҳасида ечимини кутаётган долзарб масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазаларини баён этишди. Бинобарин, вилоят перинатал маркази фаолиятидаги айрим камчиликлар ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётганлиги очиқланди.
Вазир ўз сўзида, бундан буён мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида коррупцияга қарши аёвсиз ва муросасиз кураш олиб борилишини таъкидлади. Маълумот ўрнида, бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коррупцияга қарши курашишда хабардорликни ошириш ва фуқаролар мурожаати учун бот ишга туширилган. Мазкур ботга республика бўйлаб кўплаб коррупцион ҳолатлар ҳақида маълумот юборилган.
Йиғилишда соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб берилди.