Мамлакатимизда февраль – "Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги" деб эълон қилинди. Шу боис айни кунларда қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат кўрсатаётган аҳоли орасида профилактик кўриклар, скрининг дастурларини режали ташкиллаштириш, тиббий кўрик якунларига кўра касаллик аниқланган беморларни даволаш, баҳор мавсумининг қизғин давригача улар соғлиғини мустаҳкамлаш белгиланган. Бугун туманлардаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фермерлар, деҳқон ва боғбонлар, кластерлар аъзолари билан гавжум.
Наманган туманида ҳам бу муҳим тиббий тадбир юқори уюшқоқлик билан ташкил этилди. Бунга Боғишамол оила шифокорлик пунктида бўлганимизда ишонч ҳосил қилдик. Муассасага ташриф буюрувчилар айни пайтда ҳар қачонгидан кўпайган. Ҳудуддаги тўртта фермер хўжалигида меҳнат қилувчи 200 нафардан зиёд ризқ-рўз яратувчилар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
– Қишлоқ меҳнаткашларининг саломатлигини мустаҳкамлаш учун амалга оширилаётган тиббий тадбирни эшитиб жуда хурсанд бўлдик. Ҳозир соғлиқни тиклаш учун жуда қулай фурсат. Баҳорги дала юмушлари бошланиши олдидан шифокорлар кўриги ташкиллангани, соҳамиз вакилларини соғломлаштириш чоралари кўрилаётгани бизни жуда мамнун этди, – дейди деҳқон Мамадали Абдураззоқов.
Шу куни муассаса жамоаси яна кўплаб ноз-неъмат бунёдкорларига тиббий хизмат кўрсатишди. Сабзавоткор Хуршида Жалилова, сувчи Лутфилло Эргашев ва бошқалар тиббий кўрикдан ўтиб, саломатликларини янада мустаҳкамлаш юзасидан шифокорлар тавсиясини олдилар.
– Ҳудудимиздаги иккита маҳалла фуқаролар йиғинида пахтачилик,сабзавотчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган 4 та фермер хўжалигида 211 нафар боғбонлар, соҳибкору полизчилар меҳнат қилишади. Саломатлик ойлиги доирасида уларнинг барчасини, шунингдек, оила аъзоларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга ҳаракат қиляпмиз,– дейди оила шифокорлик пункти мудираси Марҳабо Охунова. – Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш чоралари кўрилмоқда. Кўкламги дала ишлари бошлангунга қадар хасталиги бор кишиларни тўлиқ соғломлаштиришга эришамиз.
Қайд этилишича, Қурама ва Қўрғонча маҳалла фуқарорлар йиғинларида истиқомат қилувчи фермер хўжаликлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини тиббий назоратдан ўтказиш ишлари поёнига етмоқда. Ҳозиргача 9 нафар фуқаро туман марказий шифохонасида даволанадиган бўлди. Шунингдек, болаларда кузатилган гельминтоз касалликлари ва аёлларда аниқланган камқонлик хасталигини самарали даволаш чоралари кўрилмоқда.
Эзгу мақсад билан бошланган тиббий жараён бутун вилоят бўйлаб изчил давом эттирилмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.