Дунё аҳли саломатлигига, оилалар мустаҳкамлигига раҳна солаётган, шу билан бирга, жаҳон мамлакатлари иқтисодиётига катта зиён етказаётган ОИВ инфекциясига қарши курашиш бутун жамиятнинг муҳим масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. 2023 йил 20 январда Президентимиз томонидан "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 14-ПҚ-сонли қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда касаллик ташхиси, профилактикаси ва даволаш самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси аниқ ва равшан белгилаб берилди.
2023 йил 25 январда вилоят ҳокимининг ҳам юқоридаги қарор асосида вилоятда ОИВ инфекциясини профилактика қилиш, унга ташхис қўйиш ва даволаш сифатини янада ошириш, беморларга сифатли тиббий ва руҳий, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларни зарур дори воситалари билан тўлиқ таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича қарорининг ҳам қабул қилиниши айни муддао бўлди.
Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун 95-95-95 стратегияси илгари сурилган бўлиб, унинг доирасида ОИВ инфекцияли шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билиши, 95 фоизи махсус даволаш курсларига қамраб олиниши ҳамда 95 фоизининг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришиш масаласи бош мақсад қилиб олинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди. Дастурга кўра, вилоятимизда ОИВ инфекцияси билан яшовчи ва янги аниқландиган шахслар қарорга мувофиқ тўлиқ дори-дармон билан таъминланади.
Эндиликда ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш бўйича вилоятда 400 мингдан зиёд аҳолини текширувлар билан қамраб олиш ва шу мақсадда кўп тармоқли марказий поликлиникаларда камида 15000 нафар аҳолининг тегишли қатламларини экспресс-тест усули орқали текшириш ҳамда тарғибот ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Вилоятнинг олис ҳудудларда яшовчи аҳолида ОИВ инфекциясини аниқлаш учун текширувлар кўчма лабораториялар орқали амалга оширилади. Камида 5184 нафардан ортиқ фуқароларда экспресс-тест текширувлари ўтказилади. Улар орасида тарғибот ишларини олиб бориш, ОИВ инфекциясига якуний ташхис қўйиш, беморлар ўртасида даволаш сифатини баҳолаш мақсадида марказимизнинг ОИВ диагностик лабораториясида Иммуноблот – 528, ПЗР – 2 662, СД4 – 684 текширувлар ўтказиш вазифалари белгиланган.
Келгусида ОИВ инфекциясини юқтириб олган ҳамда ўз мақомини билган, махсус даволаш курслари билан қамраб олинган ва қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушган шахслар кўрсаткичини 95 фоизга етказишга эришилади. ОИВ инфекциясининг онадан болага юқушига барҳам берилади. "Дўстона хоналар" орқали жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар билан зарарланиш хавфи юқори бўлган камида 628 нафар шахслар синдромал даволаш билан қамраб олинади ҳамда улар орасида тушунтириш-тарғибот ишлари кучайтирилади.
ОИВ инфекциясига чалинган беморлар орасида вирусли, бактериал ва замбуруғ этиологияли ёндош касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш ва даволаш мақсадида кўрсатмалар асосида беморларга дори воситаларини тайинлаш ва тарқатиш, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган олти ойликкача бўлган болаларни қуруқ сут аралашмаси билан таъминлаш, ОИВ инфекциясини юқтириб олган беморларни даволаш чора-тадбирлари кўрилади.
Жорий йил якунига қадар никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнини электрон тизим орқали амалга ошириш учун "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали ФХДЁ органлари ва тегишли тиббиёт муассасалари ўртасида электрон ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оилалари ўртасида ОИВ инфекцияси хавфи, ҳимоя чоралари ва даволаниш имкониятлари тўғрисида хабардорликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Марказимиз поликлиника бўлими учун 3 турдаги (УТТ, ЭКГ, денситометр), марказ ва ҳудудий ОИВ диагностик лабораториялари 21 турдаги тиббий ускуналар олинади. Исталган фуқаро ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги поликлиника ёки марказимизга келиб, соғлигини текширтириш имкониятига эга бўлади.
Янгиқўрғон туманлараро диагностика лабораториясини жорий таъмирлаш учун 150 млн сўм ажратилади. 2024 йилда вилоят ОИТСга қарши курашиш марказининг биноларида капитал таъмирлаш, реконструкция ва қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича 500 минг доллар маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ОИВ инфекцияси юқиши эҳтимоли юқори гуруҳлар орасида профилактик тадбирларни олиб бориш, аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари изчил ташкил этилади.
Мутахассислармизнинг касбий салоҳияти оширилади. Жумладан, 3 нафар тиббиёт ходими чет элга малака оширишга юборилади. Ишонамизки, ОИВ инфекцияси бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар амалга оширилиши самарали чораларини қўллаш ва касалликка барҳам беришга хизмат қилади.
Аъзамжон РАҲИМОВ,
вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази
бош врачи