Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар кўлами тобора кенгаймоқда. Вилоятимиздаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ҳам давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга пухта тараддуд кўрилмоқда.
Маълумки, кунига 23 минг қатновга эга, 182 та тиббиёт муассасаси томонидан аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизмати кўрсатилади. Шундан 87 таси оила шифокорлик пункти, 81 таси оилавий поликлиника, 14 таси эса шаҳар ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникаларидир. Уларда ҳар 2000 нафар аҳоли ҳисобига 1112 та тиббиёт бригадаси ташкил этилди. Ўрта тиббиёт ходимлари учун қўшимча штатлар ажратилди. Тиббий бригада оилавий шифокор, 2 нафар патронаж ҳамшираси, амалиётчи ҳамшира, доядан иборат.
Бу эса ишни тўғри тақсимлаш, хизмат самарадорлигини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш, касалликларни олдини олиш ва шифокор қабулига келган беморлар учун қулайликлар яратиш имконини берди.
Беморлар оилавий шифокор қабулида бўлгунча барча текширувлар амалиётчи ҳамшира иштирокида шифокор олди кўрув хонасида ўтказилади. Дардман лаборатор текширувларидан сўнг оилавий шифокор қабулига киради. Бунда ўз навбатида беморлар тирбандлигига барҳам берилади. Шифокор олди кўрув хоналари катталар, болалар учун тарози ва бўй ўлчагич, сантиметрли лента, тонометр, фонендоскоп, ЭКГ, пульсоксиметр, компьютер жамланмаси билан таъминланган бўлиши лозим.
Ҳозир бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 1423 та кундузги стационар ўринлар ташкил этилган. Уларга кунига 67 минг нафардан ортиқ киши ётқизилиб, соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, тиббий хизматни одамларга янада яқинлаштириш мақсадида олис ва чекка ҳудудларда 154 та маҳалла тиббий пунктлари ташкил этилди. Ўтган йили мазкур масканларда 125 минг нафардан зиёд фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. 829 минг нафардан ортиқ беморга умумий қиймати 14,5 миллиард сўмлик дори воситалари бепул тарқатилди.
Вилоятдаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 8 миллиард сўмлик, туман тиббиёт бирлашмаларига 5 миллиард сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилинди. Халқ саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ишлар кўлами жорий йилда янада ортади.
Иброҳим БОЙМИРЗАЕВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
ДПЁТ бўлими бош мутахассиси.