Президентимизнинг 2022 йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти ҳамда мазкур соҳага доир ўтказган видеоселектор йиғилишида замонавий даволаш амалиётларини татбиқ қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида Олий Мажлис Сенати аъзоси, "ANAMED" хусусий диагностика маркази директори, O'zLiDeP фаоли Носирбек Абдуллахонов ташаббуси билан озарбайжонлик таниқли уролог-жарроҳ, трансплантолог, тиббиёт фанлари доктори Рашад Шолан иштирокида вилоятдаги соғ­лиқни сақлаш муассасалари ходимлари учун маҳорат дарслари бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида, уролог-жарроҳ, трансплантолог, олим Рашад Шолан Озарбайжонда лапароскопик урологияни жорий этиш асосчиларидан бири бўлиб, у Америка урологлар ассоциацияси ва Европа урологлар ассоциациясининг тадқиқотчи аъзоси, "Буйрак трансплантацияси бўйича мутахассислар ассоциацияси" бошқаруви раиси ҳисобланади. Қолаверса, Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйрак трансплантацияси бўйича бош мутахассиси, Марказий нефтчилар касалхонасининг урология бўлими мудири сифатида фаолият юритган. Айни вақтда эса Озарбайжонда Республика даволаш-диагностика марказининг буйрак касалликлари ва трансплантология бўлими мудири вазифасида иш олиб бормоқда. Ўқув давомида трансплантация соҳасидаги илғор билим ҳамда тажрибаларини ўзбекистонлик шифокорлар билан ўртоқлашди.

Мазкур тадбирни ташкил этишдан мақсад Озарбайжон давлатида бир гуруҳ маҳаллий шифокорлар малакасини ошириб, Наманганда тиббиёт соҳасини тубдан ривожлантиришга қаратилган. Учрашув давомида вилоят ҳокимлигининг амалий кўмаги ҳамда сенатор ва тадбиркор ҳомийлигида аҳолига хайрия акциялари ўтказилиши белгиланди. Ўзаро ҳамкорлик натижасида, шу пайтгача ўзимизда қўл урилмаган мураккаб урологик жарроҳлик амалиётлари ташкил этилади. Яъни, эҳтиёжманд, моддий ёрдамга муҳтож, махсус ижтимоий дафтарларда турувчи оилаларнинг бемор вакилларида 10 та жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бундай хайрли ва савобли иш Наврўз байрами арафасида бажарилади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

ЎзА.