Якунланган йилнинг декабрида "Янги Ўзбекистонда инновацион тадқиқотлар" халқаро илмий-амалий конференцияси ташкил этилди. Анжуманда Наманган шаҳридаги 3-оилавий поликлиника мудири Зоҳиджон Абдураҳимов ҳам онлайн, яъни масофада туриб қатнашди. Ўзи олиб бораётган илмий изланишларини ҳавола этди.

Шуниси қувончлики, ёш раҳбар, иқтидорли стоматологнинг фаолияти муносиб баҳоланди. Яқинда у Тошкентга таклиф этилди. Конференция тадбирлари доирасида Best Publication – ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий тадқиқотлар марказининг эсдалик нишони унга ҳам насиб этди. Зоҳиджонга "Интеллектуал изланувчи" эсдалик кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғани Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров тантали суратда топширди.

 

БАРЧАГА БИРДАЙ МЕҲРЛИМИЗ

Шифокор учун меҳрибонлик биринчи даражада фазилат ва вазифа ҳисобланади. Каттами-кичикми, аёлми-эркакми биз учун – бемор. Яхши кутиб олиб, ширин сўз айтиб, дардига дармон қилишга бурчлимиз. Қолаверса, улар келишини кутиб ўтирмай, маҳаллабай ишлаб, патронажларимиз уйма-уй кириб, фойдали маслаҳатларини аяшмайди. Вақти-вақти билан тиббий кўрикка чорлашади. Натижада ҳудудимизда аҳолининг соғлом турмуш тарзи шаклланиб, касалланиш ҳолатлари камайиб бормоқда. Шунга қарамай, мавсумий хасталиклар билан мурожаат этувчиларнинг кўплиги ҳали тарғибот-ташвиқотни муттасил кучайтиришимизни тақозо этмоқда.

Поликлиникамиз 220 қатновга мўлжалланган. 12 нафар оилавий шифокор, 14 нафар тор доирадаги мутахассислар, 104 нафар ҳамшира ҳар куни эртадан кечга қадар халқ хизматида. Ҳудудимиздаги Даштобод, Диёр, Сардоба, Шодлик, Заркент, Мажнунтол, Янгиобод, Меҳрибонлик ва Зарафшон сингари 9 та маҳаллада 44 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилган.

Айниқса, онкологик, эндо­кринологик, кардиологик ва бош­қа касалликларни эрта босқичларда аниқлаш мақсадида скрининг текширувлари йил мобайнида олиб борилмоқда. Бу билан даволаш ишлари муваффақияти тезлашади, осон кечади. Агар касаллик "қаритиб" юборилса, янаям аниқроғи кеч маълум бўлса, уни даволаш қийинлашади.

Болалар бизнинг эртамиз эгалари. Улар соғлиғига боғча ва мактабдаёқ алоҳида эътиборли бўлмоғимиз керак. Шу боис ҳудудимиздаги 6 та умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳузурида кўриклар уюштирдик. Қолаверса, уларнинг ҳолатлари бўйича оила картасига тегишли белгилар қўйиб борилади. Бу ҳам эл саломатлигини сақлашнинг энг мақбул усули сифатида бизга ҳам маъқул ҳолат. Оилавий поликлиникада ҳар бир оиланинг ҳар бир аъзоси саломатлигининг аниқ "манзараси" бизга аввалдан маълум бўлиб турибди.

Шифокорларимиз даволаш ишларини давр талаблари даражасида олиб боришлари учун етарли шарт-шароитлар катта роль ўйнашини яхши биламиз. Кейинги пайтда мазкур масалада муаммолар кўзга ташланаётган эди. Очиқ бюджетда ғолиб чиқиб, 650 миллион сўмлик таъмирлаш ишларининг бошлаб юборилишига эришганмиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида барча тармоқлар қатори тиббиёт соҳаси ходимлари амалга ошириши лозим бўлган долзарб вазифаларнинг яна бир бор белгилаб берилиши, Соғлиқни сақлаш вазир Амрилло Иноятовнинг тиббиётчилар билан ўтказган йиғилишидаги топшириқлар бизнинг масъулиятимизни беҳад орттириб юборди. Мақсадимиз халқимизга манзур хизмат кўрсатиб, каттаю кичикнинг розилигига тўла эришишдир.

Зоҳиджон АБДУРАҲИМОВ,

Наманган шаҳридаги 3-оилавий поликлиника мудири,

"Интеллектуал изланувчи" эсдалик кўкрак нишони соҳиби.