ВИЛОЯТ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ АБДИЛҲОДИ ИМИНОВНИНГ НАМАНГАН ХАЛҚИГА

М У Р О Ж А А Т И

Азиз юртдошлар!

Барчамизга маълумки, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш Юртбошимизнинг доимий диққат маркази ва ғамхўрлиги остидадир. Ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси биз, тиббиёт ходимларига ҳам кўтаринки руҳ ва янги куч-қувват бағишлади.

Айниқса, 2023 йилнинг "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб номланиши жонажон халқимизга сифатли ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш йўлида ўз касбимизга алоҳида масъулият билан ёндошишни талаб этмоқда.

Зеро, инсонга эътибор, аввало унинг саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, ҳар қандай касалликдан холи тарзда бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишдан бошланади. Шу боис, биз халқимизни тиббиётдан рози қилиш, Президентимизнинг юксак ишончини оқлаш, ватанимиз равнақи ва порлоқ келажаги учун садоқат билан хизмат қилишни олий ният ҳамда муқаддас бурч деб ҳисоблаймиз.

Яхши биламизки, ҳар бир тиббиёт ходимининг биринчи галдаги ва устувор вазифаси соғлом турмуш тарзини юритиш, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, жисмоний фаолликни кунлик одатга айлантиришдан иборат. Демак, биз ҳар бир маҳалла ва хонадонгача кириб бориб, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ғоясини умуммиллий ҳаракатга, тиббий маданиятни эса қадриятга айлантирамиз.

Айни маҳалда, аҳолининг тиббиёт тизимидан баҳрамандлигини оширишга қаратилган ҳаракатларни изчил давом эттирамиз. Бирламчи тиббий ёрдамни халқимизга янада яқинлаштириш мақсадида янги 22 та поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари, 8 та маҳалла тиббий пунктлари ташкил этилади.

Аҳолининг умр давомийлигини ошириш, соғлом қариликни таъминлашга қаратилган скрининг дастурлари давом эттирилиб, касалликларни эрта бос­қичларда аниқлаш даражаси 70 фоизга етказилади.

Вилоятимизда 500 нафар аҳоли кадиологик ва қандли диабет касаллигини эрта босқичларда аниқлаш бўйича скрининг текширувларидан ўтказилади.

Ихтисослашган тиббий ёрдам кўламини янада кенгайтириш мақсадида вилоят шифохоналарига 190 турдаги, туман даражасида 103 турдаги янги даволаш ва диагностика усуллари татбиқ қилинади. Шу ор­қали ҳар йили 73,5 минг нафардан зиёд аҳолига юқори технологик амалиётларни ҳудудларда кўрсатиш имконияти яратилади.

Республиканинг етакчи мутахассис ва олим шифокорлари билан ҳамкорликда ҳамда вилоятнинг малакали мутахассислари томонидан 2022 йилда бошланган ва ижобий натижа берган ҳудудлардаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар давом эттирилиб, 15 мингдан зиёд юқори технологияли амалиётлар ўтказишни режалаштирдик.

Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор билан ёндошган ҳолда туғруқ комплексларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда туғруқ ўринларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, фарзандларимизни жисмонан ва ақлан соғ­лом ривожланиши ҳамда хавфсиз оналикни таъминлаш мақсадида болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёллар 7 турдаги витамин ва минераллар билан бепул таъминланади.

Шу билан бирга, тиббиёт тизимини жаҳон андозаларига янада яқинлаштириш мақсадида давлат тиббий суғурта тизими вилоятда ҳам босқичма-бос­қичма жорий қилинади, бунинг учун тиббиёт амалиётига янги молиялаштириш механизмлари ва рақамлаштириш тизими жорий этилади.

Азиз юртдошлар!

Эзгу мақсадларимизга эришиш, муқаддас бурчимизни ҳалол ва виждонан адо этиш, эл саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз ва албатта бу борада Сизларнинг доимий қўллаб-қувватлашингизга таянамиз.