Бироқ шоли ичида курмак бўлгани каби даволаш-профилактика муассасаларининг барчасида бирдай яхши иш олиб борилаётир деган фикр­дан йироқмиз. Айрим шифокорларнинг лоқайдлиги беморларни ранжитаётган бўлиши ҳам мумкин. Айрим катта-кичик раҳбарларнинг қўл остидагиларга нисбатан нохолис, адолатсиз муомала қилиш ҳоллари мутлақо йўқлигига ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди. Шуларни назарда тутиб, умумишдаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, тиббий хизматни тобора яхшилаш мақсадида аввало вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида, қолаверса, шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмаларида, ҳатто даволаш профилактика муассасаларида "Ишонч телефон"лари белгилаб қўйилган. Тушган хабарлар ўша фурсатдаёқ мутасаддиларга етказилади. Хабар берувчи эса амалдаги тартибга кўра сир сақланади.

Демак, "Ишонч телефон"лари ишончли. Сиз нохуш ҳолатлардан раҳбариятни, назорат органларини ўз вақтида хабардор этсангиз, ўзингиз учунгина эмас, ўзгалар учун ҳам ғоят фойдали иш қилган ҳисобланасиз. Чунки, камчиликлар зудлик билан махсус комиссия томонидан синчиклаб ўрганилади. Уни тугатиш чора-тадбирлари кўрилади. Айбдорлар бежазо қолдирилмайди. Агар улар жиддий хатолар содир этганлиги тасдиқланса, албатта.

Дастлаб айбдорлар энг камида огоҳлантириладилар, маъмурий ёки интизомий жазолар қўлланилади. Бу билан нохуш ҳодисалар тугатилади. Таъмагирлик, сансоларлик ва порахўрлик иллатларининг пайи биргаликда қирқилади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги 234-32-34 рақамли "Ишонч телефони"га 2015 йилнинг ўтган даврида 19 кишидан қўнғироқ бўлди. Уларда Поп, Чортоқ, Чуст, Уйчи туманлари, Наманган шаҳри тиббиёт бирлашмалари тизимидаги кўнгилсизликлар ҳақида хабарлашган. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, Чортоқ тумани билан Наманган шаҳридаги тиббий хизматнинг қониқарсизлигидан ранжиётганлар кўпчилик экан.

Қўнғироқлардан кейинги ҳолатга тўхталсак, деярли ҳамма шикоятчиларнинг хабарлари асосли топилган. Камчиликларни тугатиш тадбирлари белгиланиб, назоратга олинган. Қўнғироқ қилганларга натижаси етказилган. Мурожаат этганлар талаблари қондирилган.

"Ишонч телефон"ларидан фойдаланишни унутманг! Яна бир бор эслатамиз. Сизнинг номингиз ошкор этилмайди. Агар сиз ҳуқуқингизни суиистеъмол қилмай, наинки ўзингизни балки кўпчилик манфаатини ҳам кўзлаб, беғараз, ҳалол ва самимий муносабатингизни ифодаласангиз, шубҳасиз, тиббий хизматдаги нуқсонларни тугатишга, раҳбарлар масъулиятини, шифокорлар ҳушёрлигини, чаққонлигини, меҳри беминнатлигини таъминлашга кўмаклашган ҳисобланасиз. Бу борада ҳар биримизга бош ҳакам виждонимиз бўлиши зарурлигини унутмасликка бурчлимиз.

С. ТОЖИБОЕВ.