2023 йилнинг "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" дейилишининг ўзиёқ биз учун янада масъулиятли эканини англатиб турибди. Негаки, инсонга эътибор масаласи даставвал тиббиёт соҳасини тобора аҳолига яқинлаштириш ва қулайликлар яратиш билан узвий боғлиқ. Аслида илгаридан бу борада катта ишлар қилиб келинмоқда.
Жумладан, вилоят "Она ва бола скрининги маркази"да ҳам. Рақамларга диққатингизни қаратсак, 2022 йил давомида марказ жамоаси томонидан 20 минг нафардан зиёд аёлларга тиббий кўмак кўрсатилди. Уларнинг 7 минг 849 нафари чуқурлаштирилган ультратовуш текширувидан ўтказилди. Бунинг натижасида аниқланган 263 та ҳомила нуқсонларининг 242 таси тиббий кўрсатмалар асосида тўхтатилди. Соғлом болаларни дунёга келтиришга ҳаракат қилинди.
Вилоятимизда туғилган чақалоқларнинг туғма гипотериоз ва фенилкетонурия хасталигига эрта неонатал текширувлари ташкилланди. Ҳозирги кунларда марказда диспансер назоратида турган 193 нафар туғма гипотериоз ҳолатдаги болаларга бепул дори воситалари ва 25 нафар фенилкетонурияси борларга махсус бепул озуқа берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелдаги "Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-217-сонли қарорига мувофиқ мутахассисларимиз томонидан рўйхатга олинган болаларга қимматбаҳо, аммо бепул "Эвриеди (Рисдиплам)" дорисигача келтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномаси эса эндиликда аҳолига бундан-да яхшироқ хизмат кўрсатишимизни тақозо этмоқда. Чунки касалликлар қанча эрта аниқланса, даволаш шунча осон кечади. Шунинг учун скрининг текширувларини барвақт ва сифатли олиб боришимиз керак. Биз, албатта, амалда бунга эришамиз. Ҳар бир ходимимиз зиммасига юкланган масъулиятли вазифани изчил адо этишни ўзининг шарафли бурчи деб билади.
Матлуба ЖАМИЛОВА,
вилоят "Она ва бола скрининги
маркази" директори.