Мўътабар опа Исроилова ўнг қовурға ости соҳасидаги кучли оғриққа дош беролмади. Ўтиб кетар, деган ўйда оғриқ қолдирувчи дори ичиб юраверди. Аммо фойдаси бўлмади, вужудидаги оғриқдан ҳушидан кетаёзди. Яқинлари уни Наманган тумани марказий шифохонасининг шошилинч қабул бўлимига олиб келишганида, аҳволи анча оғир эди.

Шифокорлар зудлик билан зарур ёрдам кўрсатди. Қатор тиббий текширувлардан ўтказилгач бемор аёлга ўткир флегманоз – ўт тоши касаллиги ташхиси қўйилди. Беморда лапароскопик холецистэктомия юқори технологик жарроҳлик амалиётини бажаришга ҳозирлик кўрилди.

Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси таклифи билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг етук жарроҳлари – лапароскопист Аҳадхон Усмонов ва тиббиёт фанлари номзоди Равшан Темиров ушбу жарроҳлик амалиётини туманнинг ўзида "Маҳорат дарси" сифатида маҳаллий жарроҳлар билан биргаликда бажариш учун туман шифохонасига етиб келди. Бу эса касалликдан азият чекаётган хаста кишига ҳам айни муддао бўлди.

Филиалнинг малакали жарроҳлари, ҳамширалари билан биргаликда операция муваффақиятли бажарилди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг оғриқлар вужудини тарк этган беморнинг кўзларида севинч ёшлари кўринди.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Жаҳон банкининг шошилинч тиббий ёрдамни ривожлантириш лойиҳаси доирасида Наманган вилояти Чуст, Норин, Янгиқўрғон ва Наманган туманларида филиал шифокорлари томонидан қишлоқ ҳудудларида яшовчи беморларда лапароскопик холецистэктомия амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилди. Бунинг афзалликлари бисёр. Беморга кам жароҳат етказилади, тез оёққа туради. Операциядан кейинги ҳолатда асоратлар кузатилмайди.

Илгари бундай жарроҳлик амалиётлари фақат республика ёки вилоят марказидагина амалга оширилаётган эди. Замонавий тиббиёт тараққиёти туман аҳолиси, бир сўз билан айтганда, қишлоқ одамларига ҳам шаҳардагидек имкониятларни бераётгани қувонарли. Энди туман аҳолисининг ҳам узоғи яқин бўлди, ортиқча оворагарчиликсиз дардларига даво топади.

- Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали билан ҳамкорлигимиз ўз самарасини бермоқда, – дейди Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Қодиров. – Келгусида туманда қорин бўшлиғи соҳасидаги ва гинекологик жарроҳлик амалиётларининг барча турларини лапароскопик усулда бажариш режалаштирилган. Эндиликда бундай ноёб турдаги операцияларни ўз мутахассисларимиз амалга оширади. Шунингдек, энди аҳолининг вилоят шифохоналарига боришларига асло ҳожат қолмайди. Моддий техник база мавжуд, энг ноёб турдаги жарроҳлик амалиётларини шу ерда ўтказиш учун бор имконият ва кучимизни сафарбар этамиз.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

ЎзА.