Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков вилоятда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари ва Ахборот хизмати раҳбарлари, интернет порталлари ҳамда ижтимоий тармоқлар администраторлари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда асосан 2023 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир фикр-мулоҳаза ва таклифлар тингланди.
– Сизлар халқ орасида юрасиз, кўплаб мурожаатларни тинглайсиз. Барча соҳа вакиллари билан учрашиб, муаммоларни тинглаш орқали ўзимизга чора-тадбирлар белгиламоқдамиз. Сизлар орқали яна кўпчиликнинг фикрини инобатга олишни режалаштирганмиз, – деди вилоят ҳокими.
Шундан сўнг журналист ва блогерларнинг таклиф-мулоҳазалари тингланди. Унда асосан шаҳардаги тирбандлик, маиший чиқинди, коммунал хизмат кўрсатиш, тегишли мутасаддиларнинг медиа тадбирлар орқали фаолияти очиқлигини таъминлаш каби масалалар кўтарилди. Уларнинг ҳар бирига вилоят раҳбари ўз муносабатини билдирди ва ушбу мулоқот асосида тегишли масъулларга бугуннинг ўзида тегишли топшириқлар берилишини маълум қилди.
Бундай очиқ мулоқотларни мунтазам ўтказиб туришга келишиб олинди.