Қатағонлик 25 ёшли Муҳриддин Қаҳҳоров тугаб бораётган умрини энди онасининг жигари билан яшай бошлади.

Бу фақат ҳайратомуз ҳолат бўлибгина қолмай, мўъжиза ҳам эканини энди ҳеч ким инкор эта олмайди. Тўрақўрғон туманининг Қатағон маҳалласидаги ёш йигит аслида бир ўлиб-тирилди. Бундай фожиа ҳеч кимнинг бошига тушмасину, Муҳриддин ичидан ўтганини биздан кўра ўзи яхши билади. Турмушдоши Жанонага, икки ярим ёшли Гулираъно, бир неча ойлик чақалоғи Шукронага термулиб, эзилгандан эзилди ўша ўтган ёз фаслининг июли охирларида. Юқумли касалликлар шифокори Мақсуджон Маҳмудов чорасиз эди. Гепатит – С билан ётқизилган Муҳриддиннинг жигари кундан-кун яроқсизланиб борарди. Гоҳ ҳушига келар, гоҳ ҳушсиз ётар экан, унинг ҳаётдан умиди сўнаётган эди. Ниҳоят врач-инфекционист сўнгги гапни тилидан аранг чиқарди: "Биз қўлимиздан келган барча дори-дармонларни қилдик, энди бошимиз қотди, афсус чорасизмиз...".

Мўлтираб ётган ўғилнинг кўзлари юмуқ, билинар-билинмас нафас олмоқда. Отаси Турсунбой ака хотинига аранг қарай олди. Фарзандининг аянчли тақдирига ичида қон йиғлаётган Хурсаной онанинг нигоҳлари тўқнашдию, ғоят аччиқ ёшлари кўзида қалқиди. Эру хотин иложсиз танг аҳволдаги фарзандини уйига олиб қайтишди. Лекин барибир чидаб туришолмади, бошларини ҳар ёққа уришдан умид ахтаришди. Тошкентга олиб боришиб, Республиканинг атоқли вирусолог олимларидан нажот кутишди. У ерда ҳам ўғли ўлим билан олишиб ётди. Гоҳ кўзини сал очади, гоҳ комага қайтади.

– Жигари жигарлик қилмайди энди, – деди ҳақиқатни яширишда хожат йўқлигини билишган шифокорлар.– Лекин...

– Нима лекин? – умидланиб врачнинг оғзига тикилди ота.

– Янги жигар ўтқазиб кўрилса, балки...

– Яшаб кетадими, дўхтир, яшаб кетадими – менинг бечора ўғлим! – онаси худди тилло топиб олгандай ўзини қўярга жой тополмай қолди.

– Қийин , барибир жуда қийин, донор жигар ҳам топиш керак, Ҳиндистонга бориш керак, бир неча юз миллион пул сарфлаш керак.

– Топамиз, мен ўзим жигаримни ўғлимга бераман, у яшаса, менинг яшаганим, у ўлса мен айрилиққа қандай чидайман?!

Дўхтирлар нажот манзилини аниқлашди, Ҳиндистондаги "Fortis" клиникасининг Андижондаги ҳамкорлари ёнига йўллашди. Ота-она ўша ёққа шошилишди. Тана аъзосини кўчириб ўтқазишдек ўта мураккаб амалиёт бир муаммою, қарийб 350 миллион сўм пул-маблағни топиш зарурияти иккинчи катта муаммо. Муҳриддиннинг ўзиям, ота-онасиниям ҳалигача бунақанги пулни ўнгилари тугул тушларидаям кўришмаган. Оиласи топган-тутгани билан рўзма-рўз кун кечириб келаётган бўлса, унда "Осмон йироқ, ер қаттиқ". Бироқ уй ичида бемажол ётган Муҳриддинни сўнгги йўлга кузатиб қўйиш олдида аввалги икки муаммо ҳеч гап эмаслигини англаб етишди. Давлат идораларига, маҳалла-кўйга, қариндош-уруққа, таниш-билишга маслаҳат солишди. Маҳалла раиси Эркинжон Бориев, туман ҳоқими ёрдамчиси Бекзод Каримжонов, "Ён қўшни-жон қўшни" деганларидай Зафаржон Кўканбоев ва туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Шаҳноза Кимёназаровалар билан биргаликда маслаҳатни пишитишиб, ижтимоий тармоқда онлайн акция ўтказишга киришишди.

– Расм қўйиб, видеоролик тайёрладик, – дейди Шаҳноза Кимёназарова. – Унда дард чекиб, ҳаёт шами сўнаётган бемор ва унинг жафокаш ота-онасию, нажот кутаётган умр йўлдоши ҳамда икки жажжи қизалоғи ҳақида таъсирчан сўзларни, ёрдамга муҳтож инсонни қўллашга даъватномани жойладик. Натижа кундан-кун биз кутганданам зиёда бўлиб бораверди. Аввало, Қатағондаги маҳалладошлари, ёнма-ён саройликлар, шаҳандликлар, ниҳоят Тўрақўрғон туманида яшовчи каттаю-кичик бефарқ қарашмади. Имкониятлар доирасида беморнинг уйига, маҳалла гузарига қўйилган эҳсон қутисига пул ташлаб кета бошлашди. Пластик картасига очилган ҳисоб рақамига маблағ ўтказишди. Қисқа фурсатда пластик картада салкам 100 мил­лион тўпланди. Нақд пул жамғармаси бундан кўп миқдорга етди. Албатта, вилоят ва туман ҳокимликларининг қуллаб-қувватловчи 40 ва 15 миллионлари ҳам жамғармага барака киритиб юборди.

Ниҳоят акция муваффақиятли якунланди. Ҳиндистонга бориш учун Муҳриддин ва онаси Хурсаной опага самолётга билет олинди. 27 сентябрь куни Муҳриддиннинг ҳовлисига уларни Деҳлидаги хорижий клиникага– жарроҳлик амалиётига кузатиш учун узоқ-яқиндан одамлар шунақанги кўп келишдики, қани эди буни унинг ўзи ўрнидан туриб кўра олса?!

Бемор Тўрақўрғон тиббиёт бирлашмасидан ажратилган махсус "Реономобиль" машинасига олинди. Қўшнилар Зафаржон Кўканбоев ва Тўлқинбой Тожибоевлар эса ота-онасини "Ласетти"га ўтқазишиб, пойтахтга йўл олишди.

– Тошкентда бизга клиника вакили Ойдиной синглим ҳамроҳлик қилди, – дейди мамнуният билан Муҳриддиннинг онаси Хурсаной опа. – У инглизчани яхши билгани учун бира тўла таржимонликни ҳам ўзи олиб борди. Кечаси соат 1 ларда Деҳлига учдик. У ердаги аэропортда вакиллар кутиб туришган экан. Ўғлимни клиникага, мени меҳмонхонага жойлашди. Эрталабдан текширувлар, таҳлиллар, бошимиздаги сочимиздан бошлаб, оёқ тирноғимизгача ўтказилди. Операцияолди тайёргарлик муолажалари бошлаб юборилди. Худога минг қатла шукур, жигарим тоза ва ўғлимга монанд экан. 70 фоизини қирқиб олиб, болажонимга ўтказишди. Мен 8 кун, ўғлим 20 кун ётдик. Кейин билсак, 3 нафар таниқли жарроҳ докторлар – Вибек, Мукел ва Фурканлар биз она-ўғилнинг соғу саломат оёққа турғазиш учун астойдил хизмат қилишибди. Ҳозир Муҳриддинни бағримга соғу-саломат қайтариб олганимдан ўзимни дунёдаги энг бахтли инсон санаяпман.

Ўйлаётгандирсиз бу ёғига қандай бўлади? – деб. Дўхтирларнинг айтишича, иккимиздаям – менинг ва ўғлимдаги жигарим 6 ой ичида ўсиб, ўзининг деярли тўлиқ вазифасини бажара оладиган даражага етаркан. Унгача сабр билан даво муолажаларини давом эттирамиз. Оғир дамларда ҳам далдали сўзи билан, ҳам пул-маблағи билан кўмагини аямаган инсонларга ҳамиша таъзимдамиз.

Ҳозирда одамлар орасида "Замон ўзгариб кетди, меҳр-оқибат камайиб бораяпти" деган гаплар юради, албатта. Бу фикрда ҳам жон бору, лекин ўзбек барибир аждодларига тортди. Меҳр-мурувват, оқибат етти ёшдан етмиш ёшгача, балки саксон ёки тўқсон ёшгача инсоннинг қонида мавжудлиги ниҳон ҳақиқат. Эл бошига иш тушганда зоҳирланади, яққол кўринади. Бунга ҳеч ким шак келтира олмайди. Юқоридаги ҳаётий ҳодиса юзаки фикрларимизни чил-парчин қилиб юборади, албатта.

Ҳиндистонга уларни кузатиш чоғида кўпчиликнинг юзи-кўзида маҳзунлик, умид илинжи намоён бўлгани билан, қайтишгач – 65 кундан сўнг кутиб олиш ўзгача шодлик тантанаси тусини олди. Беморнинг кўчаси, ҳовлиси, уйи томон одамлар дарёга шошилган ирмоқдай илдамлашиб, қувончларини баҳам кўришганини айтмайсизми.

Айниқса, Муҳриддинни кузатишгача кеча-кундуз жон куйдирган тенгдошу, синфдошлари, қўни-қўшнилари – Икромжон, Мухторжон, Зоҳиджон, Ўктамжон, Аброржон, Акрамжон, эҳ-ҳа яна қанчадан-қанча беминнат ёрдам кўрсатганларнинг номларини бир мақолага сиғдириш қийин.

Марғубахон ача Қаҳҳорова қўлини дуога очар экан, аввал узундан-узоқ саховатли кишиларга эзгу ният­лар қилди. Ахир кетгунича ёрдам қилганлар келганидан кейин ҳам қуруқ йўқлаб кетишмаяпти. Бирлари даста-даста оби-нон, бирлари узум-олма билан остона ҳатлашаяпти. Оила сафи кўпайиб қолгани учун қийналмасин дея соғаяётган маҳалладоши беморнинг ёстиғи остига пул қистириб қўяётганларнигача тилга олди. Нуронийлар, отинойилар ҳимматини, ҳатто бозорчилар, тадбиркорлар савдо-сотиғи фойдасидан улуш ташлаб кетишаётганигача айтилмай қолмади. Хорижда ишлаётганлар ҳам пул жўнатишгани алохида таъкидланди.

Бугунги кун одамларига ҳам барибир азалий ўзбекона меҳру-мурувват, ҳиммату эҳсон, раҳмдиллигу оқибат сира-сира бегона эмас. Муҳриддин буни кўриб, дунё­га ўзбек бўлиб туғилганига, Ўзбекистон фуқароси эканига беадад шукроналар келтирмоқда. Ахир унинг кўксига онасининг жигар парчасини ўтказиб, "кўкартириш" операциясидан муваффақиятли чиққанини эшитганлар олам-олам қувонч туюшди. Машинадан Муҳриддинни аравачага олишгач, уйи остонасидан ўтаётганида у сону саноқсиз меҳрибонлар қуршовида қолгани кезларини, маҳалладошларию ҳам­қишлоқлари худди тўйдек карнай-сурнай садолар остида жилмайганича олқишлаган онларини ҳеч қачон эсдан чиқармаса, "Ўзингдан қўймасин халқим, ўзингдан-ей" деган қўшиқ беихтиёр унинг ҳозирги шукроналик онларига аталгандай қулоқлари остида садоланаверса не ажаб.

Содиқ САЙҲУН.